12:24 / 27.04.2016
2663

Олой бозорининг кириш қисмида демонтаж ишлари якунланди

26 апрелдан 27 апрелга ўтар кечаси Олой бозорининг кириш қисмидаги арка ва марказий дарвоза атроифдаги кафеларни демонтаж қилиш ишлари (қисмларга ажратиш ишлари) тугалланди. Арка ўрнига янги иморат барпо этилиши кўзда тутилган.

UZ24 хабарига кўра, бозор ичкарисида реконструкция ишлари давом этмоқда, қурилиш ҳудуди брезент мато билан ўраб қўйилган.

Таъмирлаш ишлари натижасида шу вақтгача бозорда савдо қилган сотувчилар бошқа ерга — бозор ёнидаги автотураргоҳ яқинига кўчирилган.

27 февраль куни Олой бозорида кенг миқёсли қайта қуриш амалга оширилиши ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, савдо нуқталарининг «ҳаммаси бирда» шаклида ихчамроқ ва қулайроқ жойлашувини ташкил этиш, режалаштирилган. Натижада савдо ҳудудларида керакли барча озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни топиш мумкин бўлади.

29 февраль куни Тошкент шаҳридаги Олой бозорида кенг миқёсли қайта қуриш ишлари бошлаб юборилганди.

Бундан ташқари, Миробод бозорида ҳам реконструкция ишлари олиб борилади, у ерда асосий бино янгиланади. Икки бозордаги таъмирлаш ишларига жами 15 миллиард сўм ажратилган.

Қурилиш ва таъмирлаш ишларини 2016 йилнинг август ойи охиригача тугатиш кўзда тутилган.

Top