17:03 / 27.04.2016
2507

Тошкентда шахмат бўйича халқаро турнир ўтказилди

Тошкент шаҳрида шахмат бўйича биринчи ўзбек гроссмейстери Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган Toshkent Open X халқаро турнири якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда мамлакатимиз шахмат федерацияси ҳамкорлигида ёшлар ўртасида шахматни янада оммалаштириш, спортчиларнинг тажрибасини ошириш, ўзбек шахмат мактаби имкониятларини кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган мусобақада мезбон шахматчилар билан бирга қатор давлатлардан келган жами юздан зиёд спортчи ўзаро баҳслашди.

Швейцарча тизимда тўққиз турдан иборат мусобақада 7,5 очко жамғарган тожикистонлик Фаррух Омонатов қўшимча кўрсаткичларга кўра биринчи, озарбайжонлик Рауф Мамедов иккинчи, 7 очко жамғарган украиналик Александр Зубарев учинчи ўринни эгаллади.

Хотин-қизлар ўртасида энг яхши натижани Гулруҳбегим Тоҳиржонова (6,5 очко) қайд этган бўлса, Сарвиноз Қурбонбоева ва Севара Боймуродова 5,5 тадан очко тўплади.

20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида Нодирбек Ёқуббоев (6,5 очко), Ортиқ Ниғматов (6 очко), Нилуфар Ёқуббоева (5 очко) кучлилар қаторида эътироф этилди.

10 ёшгача болалар ўртасида Исломбек Синдоров (4,5 очко), 6 ёшгача болалар ўртасида Ҳумоюн Бегмуродов (4 очко) тақдирланди.

Фахрийлар ўртасида Акром Тошхўжаев (6 очко) биринчи, Владимир Егин (5,5 очко) иккинчи, Георгий Ли (5,5 очко) учинчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, ўзбекистонлик шахматчилардан Алишер Рустамов 7 очко тўплаган бўлса, Одил Раҳмон, Баҳодир Холмирзаев 6,5 очко, Жаҳонгир Воҳидов, Алексей Барсов, Улуғбек Тиллаев, Бобир Сатторов, Алишер Бегмуродов, Саидакбар Саидалиев, Элбек Жуманов, Никита Хорошев 6 тадан очко жамғарди.

Top