22:24 / 28.04.2016
1890

Booking.com раҳбари қўл остидаги ходимаси билан ишқий муносабатда бўлгани сабабли истеъфога кетди

Priceline ва Booking.com ижрочи директори Даррен Хатсон қўл остида ишловчи ходимаси билан ишқий муносабатларда бўлгани сабабли истеъфога кетгани маълум бўлди, деб хабар бермоқда Daily Mail нашри.

Маълум қилинишича, оилали бўлган саёҳатлар соҳасида ишловчи компания бошлиғи Хатсон фирма ишчиси билан ишқий муносабатларда эканлиги аниқланган терговдан кейиноқ ўз лавозимини тарк этди, чунки бу компаниянинг ахлоқ кодексига зид келади.

Хатсон, шунингдек, Priceline Group Inc.’нинг энг йирик бўлинмаси Booking.com бош директори лавозимини ҳам тарк этди.

Хатсон Priceline’га 2014 январдан бошчилик қила бошлаган. Унинг раҳбарлигида ресторанларни бронлаш OpenTable хизмати билан 2 млрд долларлик битим тузилган.

Хатсон раҳбарлигида Priceline’нинг бозор қиймати бир йил ичида 178 фоизга кўтарилиб кетган. Хатсон Booking.com жамоасига қўшилгандан кейин фирманинг операцион даромади 1,40 млрд доллардан 3,26 млрд долларгача ўсган, ишчилар сони эса 4 йил ичида 5 мингдан 15 минггача кўпайган.

Top