13:55 / 28.04.2016
2138

Нафсига қул бўлган назоратчи табиий газ идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди

Эллик ёшни қоралаган Қурбонбой Мадалиев Қўштепа туманида жойлашган “Фарғона парранда наслчилик” фермасида ишлайди. 1993 йили ферма балансидаги учта уй ишчиларга хусусийлаштириб берилади. Қ.Мадалиев “Водийгазтаъминот” УКнинг Марғилон шаҳар филиалида ишламаса-да, ушбу хонадонлардан фойдаланилган газ учун тўловларни йиғиб ола бошлайди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

— Хонадонимизга табиий газ товуқ ферманинг қувурига уланган, — деди суд мажлисида жабрланувчи M.Халилова. – Ҳисоблагич ўрнатилмаган. 2008 йилгача газ ҳақини Марғилон шаҳар газ идорасига тўлаб келганмиз. 2009 йил ёз ойларида парранда фермасида кўп йиллар ишлаётган Қурбонбой Мадалиев газ учун менга тўлашларинг керак, деб ишонтирди. Ойма–ой газ пулини унга бериб келдик. Лекин бирон марта квитанция ёзиб бермаган.

Қ.Мадалиев ушбу хонадонлардан 2009 йил ёз ойлари учун 20 минг сўмдан, қиш ойларига 50 минг сўмдан йиғиб олаверган. Йилдан-йилга ўзи билганича тўловлар суммасини ошириб борган. 2012 йил январь–февраль ойларида 100 минг сўмдан, апрель–июль йилларида 50 минг сўмдан пулларини фирибгарлик билан қўлга киритган.

2012 йил ёзда Қ.Мадалиев “Водийгазтаъминот” УКнинг Марғилон шаҳар филиалига назоратчи бўлиб ишга жойлашади. Орадан кўп ўтмай фавқулодда назорат хизмати бўлими катта назоратчиси вазифасига тайинланади.

М.Халилова, Г.Мушарипова, О.Мадраҳимоваларнинг хонадонлари табиий газ тармоғига уланганини яширади, улардан йиғиб олган пулларни ҳисоботларга киритмайди. 2012 йилнинг август ойидан 2014 йил декабрь ойигача ойма-ой ортиб борувчи миқдорда, квитанция бермай олиб турган тўлов пулларини шахсий эҳтиёжига сарфлайверади.

Судланувчи юқоридагидай йўсинда 2009 йилдан 2014 йилгача бўлган даврда хонадонлардан йиғиб олган жами 15 млн. 570 минг сўм пулларни ўзлаштирган. Қ.Мадалиев “Фарғона наслли парранда” МЧЖ ҳудудида ўтказилган тармоққа уланган хонадонларнинг ҳеч қандай ҳужжатларсиз, газ ҳисоблагич ўрнатмасдан фойдаланиб келган табиий газ учун тўловларини ўзлаштириб, Марғилон шаҳар филиалига 19 млн. 631 минг сўмлик зарар етказганлиги фош этилди.

Суд етказилган зарарни қоплаган Қ.Мадалиевга икки йил мобайнида табиий газ таъминоти идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

Top