17:02 / 29.04.2016
2772

Цукербергнинг хавфсизлигини таъминлаш учун 3 йилда 12 млн доллар сарфланди

Facebook асосчиси Марк Цукербергнинг хавфсизлигини таъминлашга компания 3 йил давомида 12 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Бу ҳақда Bloomberg хабар тарқатди.

Ижтимоий тармоқ вакилларининг сўзларига кўра, Цукерберг мунтазам равишда турли таҳдидларга дуч келади, шунинг учун компания унинг Сан-Францискодаги уйини қўриқлаш тизимига миллионлаб долларлар сарф этади. Қолаверса, саёҳатлар учун тансоқчилар гуруҳи жалб этилади. Гуруҳни аввал Барак Обамани қўриқлаган Махсус хизмат собиқ ходими бошқаради. Ёш миллиардер дунё бўйлаб ҳаракатланганда ҳам компания тақдим этган автомобиль ва самолётлардан фойдаланишни маъқул кўради.

Шундай қилиб, Цукербергнинг хавфсизлигини сақлашга сарфланган маблағ 2013 йилда 2,65 миллион доллар, 2014 йилда – 5,6 миллион, 2015 йилда эса - 4,26 миллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич ижтимоий тармоқ раҳбарига Standard & Poor’s томонидан тузилган рейтингда хавфсизликни сақлашга сарфланган харажатлар бўйича биринчи ўринни эгаллашига сабаб бўлди.

Рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган Oracle компанияси асосчиси Ларри Эллисонни қўриқлашга 2015 йилда 1,53 миллион доллар сарфланган.

Top