19:10 / 29.04.2016
2991

Жангарилар Россиянинг Ҳалабдаги бош консулхонасини ўққа тутгани тасдиқланди

Россиянинг Ҳалаб шаҳридаги бош консулхонаси биноси минамётдан ўққа тутилган. Бу ҳақдаги маълумот Россия ТИВ томонидан тасдиқланган.

"28 апрель куни Москва вақти билан соат 15:00да Россия Федерациясининг Ҳалаб шаҳридаги бош консулхонаси биносига минамётдан зарба берилган. Бино ҳудудида бир мина портлаган, атроф ҳудудга яна 3та мина келиб тушган. Бу ўққа тутиш оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар йўқ", дейилади ТИВ хабарида.

Қайд этилишича, Ҳалабдаги консулхона фаолияти 2013 йилда тўхтатилган, ходимларнинг бир қисми Россияга қайтарилган, бир қисми Дамашққа кўчирилган. Айни вақтда бинода Сурия фуқаролари бўлган қўриқчилар ва техник ходимлар сақлаб қолинган.

Россия ТИВ хабарида айтилишича, бу ҳужум "Жибҳод ан-Нусра" жангарилари томонидан амалга оширилган.

Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни Ҳалабга жангарилар томонидан масофадан туриб зарбалар берилиши оқибатида тинч аҳоли вакиллари бўлган ўнлаб кишилар ҳалок бўлди.

Top