09:14 / 30.04.2016
11367

CNN: Россиянинг Су-27 самолёти АҚШ самолёти устидан "бочка" манёврини амалга оширди

Россиянинг Су-27 самолёти Болтиқ денгизи устида АҚШнинг RC-135 ҳарбий самолёти устидан юқори учувчилик маҳорати манёври – "бочка"ни амалга оширди, деб хабар бермоқда CNN.

Бу ҳақда икки нафар юқори лавозимли ҳарбий манба маълум қилди.

Бу вақтда АҚШ разведкачи самолёти Болтиқ денгизидаги халқаро ҳаво ҳудудида бўлган.

Таъкидланишича, Су-27 АҚШ самолётидан 30 метрча узоқликда учиб ўтган, сўнгра "бочкани" амалга ошириб самолётнинг нариги томонида пайдо бўлган.

"Бочка" манёврида самолёт юқорига тумшуғи билан кўтарилиб, сўнгра айлана ҳосил қилиб, орқага шўнғийди. 

Манба бу манёврни жуда хавфли эканлигини айтди. Унинг айтишича, АҚШ томони бу ҳолат бўйича россиялик ҳамкасбларига хавотир билдириши мумкин.

СNN нинг таъкидлашича, бу вазият Россия самолётлари иштирокида апрель ойида юз берган иккинчи ҳолатдир.   

14 апрелда Россия самолёти RC-135 самолётини тақиб қилиб, унинг қанотидан 15 метр узоқликда учиб ўтиб, "бочка" амалга оширганди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри телефон суҳбатида ўзининг Россиялик ҳамкасби Сергей Лавровга бу ҳолат юзасидан норозилик билдирганди.

Россия мудофаа вазирлигида бунга жавобан ҳарбий-денгиз кучлари самолётлари барча парвозларни халқаро меъёрларга амал қилган ҳолда бажариши таъкидлаб ўтилган.

Top