14:09 / 30.04.2016
9929

Ўзбекистонда янги диний-маърифий медиа-сайт ишга туширилди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz веб портали тизимида mp3muslim.uz номли диний-маърифий медиа-сайт ишга туширилди. Унда Ўзбекистондаги таниқли уламоларнинг мавъизалари, дунёдаги машҳур қориларнинг Қуръони карим тиловатлари ва воизларнинг аудио ривоятлари, салавотлари жойлаштирилган.

Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Али” жомеъ масжиди имом хатиби Салоҳиддин Абдуғаффор ўғли, Бухоро шаҳридаги “Хўжа Таббанд” жомеъ масжиди имом хатиби Азизхўжа Хайруллоҳ ўғли ва Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғлининг маърузалари киритилган.

Яқин кунларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ, Шайх Абдулазиз Мансур, муфтий Усмонхон Алимов, “Минор” жомеъ масжиди имом хатиби Анвар қори Турсунов, “Тўхтабой” жомеъ масжиди имом хатиби Исҳоқ Муҳаммад, “Мирза Юсуф” жомеъ масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов, “Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди имом хатиби Раҳимберди Раҳмонов маърузалари ҳам киритилиши режалаштирилган.

Сайтнинг Қуръони карим бўлимига жаҳонга машҳур қоридан Халил Ҳусорий, Тавфиқ ибн Саид, Абдураҳмон Судайс, Абу Бакр Шатрий, Моҳир ал-Муайқили қироатлари тўлиқ шаклда жойлаштирилган. Тингловчиларга қулайлик бўлиши учун сайтда бўлимлар, мавзулар, муаллифлар бўйича излаш тизими мавжуд.
Сайт TAS-IX тармоғида фаолият юритади.

Top