14:39 / 02.05.2016
4836

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» 2016 йилнинг 1-чорагида 535 мингдан ортиқ йўловчи ташиди

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 2016 йилнинг 1-чораги якунларини маълум қилди. Унга кўра, 2016 йилнинг январь-апрель ойларида ҳаво лайнерларида 5007 қатнов бажарилди. Шундан 1354та рейс узоқ масофали йўналишларда, 1874та рейс МДҲ мамлакатлари шаҳарларига, 1779та рейс эса маҳаллий йўналишларда амалга оширилган

Миллий авиакомпания хизматларидан 535,6 минг нафар йўловчи фойдаланди (2015 йил биринчи чорагида — 575 минг йўловчи).

Биринчи чоракда пулли юк ва почталарни ҳисобга олганда 8900 тонна юк ташилди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104 фоизлик ўсишни кўрсатади.

«Навоий» аэропорти орқали 7,7 минг тонна юк ташилган ва 35 фоизлик ўсиш қайд этилган. 

Ҳозир Халқаро интермодал логистика маркази (ХИЛМ) фаолият юритаётган «Навоий» аэропортидан Деҳли, Мумбай, Дубай, Франкфурт, Шанхай, Сеул, Милан, Вена, Ханой ва Сарагоса каби шаҳарларга юк қатновлари амалга оширилаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2015-2019 йиллар учун муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш дастури тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон республикаси инвестиция дастурига кўра жорий йилда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси қуйидаги 6та лойиҳани ҳаётга татбиқ этади.
- ҳаво кемалари ва вертолётлар паркини янгилаш;
- «Тошкент» халқаро аэропорти ҳудудида янги йўловчи терминали (Тошкент—4) қуриш;
- «Boeing-787 Dreamliner» самолётлари учун техник хизматлар кўрсатувчи ангар қуриш;
- Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч аэропортларида АТС автомат тизимларини модернизация қилиш;

Февраль ойида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 2016 йилнинг март ойидан эътиборан Тошкентни Россиянинг Воронеж шаҳри билан боғлайдиган рейс ташкил қилиши ҳақида хабар берилганди. Айни вақтда бу рейсни йўлга қўйиш борасида ишлар давом этмоқда.

Top