12:42 / 03.05.2016
9807

Наманганда хуфёна ишлаган қиморхона фош этилди

1980 йилда Норин туманида туғилган Бахтиёр Бобоев (исм-фамилияси ўзгартирилган) олий маълумотли, яқинда ўттиз олти ёшга қадам қўйди. Ўн саккиз ёшидаёқ жиноятга қўл урди. Бундай ҳолат яна бир неча бор такрорланди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

2015 йил 26 апрелда жазони ўтаб бўлгач, яна ўйламай-нетмай шу йилнинг май ойи бошидаёқ қиморхона ташкил этиб, унга одамларни қизиқтириб, жалб этди. Ёшликдаги ўртоғи Икром Йўлдошев билан маслаҳатлашиб, текин даромад топишнинг ана шу нопок йўлини ихтиёр этди. 

Икки ошна келишиб, И.Йўлдошевларникида ташкил этишди. Кейин эса фермер хўжалиги дала шийпонини қиморхонага айлантиришди. Наманган шаҳар, 2-кичик тумандаги хонадонлардан бирида ҳам шундай қиморхона ташкил этишдан тортинишмади.

Бундай нопок ўйинга М.Асқаров, У.Шомансуров, Ҳ.Мадаминов, Т.Эгамовларни жалб этиб, уларга дастлаб 500 минг сўмдан, сўнгра 1 миллион сўмдан пул беришади.
Қиморхона эгаларидан пул олиб қарзга ботганлардан бири Ҳ.Мадаминов эди. Унинг қарзи 2,5 миллион сўмга етади. Шу боис икки ҳамтовоқ — Й.Йўлдошев ва Б.Бобоев Ҳ.Мадаминовнинг уйига боришади ва бу қарз устига фоиз қўшган ҳолда пул талаб қила бошлашади. 

Икки ҳамтовоқ унинг оила аъзоларини қўрқитиб, ҳақиқий қарз у ёқда қолиб, ундан уч баробар қиммат бўлган, яъни 7 млн. сўмлик ёғоч тилиш дастгоҳи ва 1 млн. 500 минг сўмлик теракларни топширишга мажбурлашади.
Пичоқ бориб суякка қадалгач, Ҳ.Мадаминов ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишга мажбур  бўлади.
Б.Бобоев ҳамда И.Йўлдошев қилмишларига яраша муносиб жазо олишади.
 

Top