16:48 / 04.05.2016
21116

2016 йилда пахта майдонлари 30,5 минг гектарга қисқартирилди

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон Республикасини 2016 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини эълон қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ этиш ва ривожлантириш дастурига мувофиқ, жорий йилда пахта майдонлари 30,5 минг гектарга қисқартирилди. Пахтадан бўшаган ерлар ҳисобга олинган ҳолда, асосий экин майдонларига, 172,6 минг гектарга сабзавот, 86,3 минг гектарга картошка ва 26,3 минг гектарга полиз экинлари экилди. 5,2 минг гектар майдонда янги интенсив боғлар барпо этилди, 5,7 минг гектар майдондаги боғ ва 3,2 минг гектар токзор реконструкция қилинди, 163 гектар майдонда 4264 иссиқхона ташкил этилди.

Мева-сабзавотларни сақлаш бўйича моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида 10,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун 16 янги совутиш камераси ташкил этилди.

Натижада шу йилнинг биринчи чорагида 53,1 минг тонна сабзавот (2015 йилнинг шу даврига нисбатан 110,6 фоиз) етиштирилди. Йил бошидан буён 95,1 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинди.

Чорвачилик тармоғи салоҳиятини янада юксалтириш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида жорий йил бошидан буён йирик шохли қорамол ва паррандаларни кўпайтириш, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш бўйича 664 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Бунинг самарасида шу йилнинг биринчи чорагида йирик шохли қорамоллар сони 11,5 миллиондан ошди (2015 йилнинг шу даврига нисбатан 105,8 фоиз), 425,8 минг тонна гўшт (106,1 фоиз), 12,7 минг тонна балиқ (110 фоиз), 1 594,8 минг тонна сут (106,4 фоиз), 1 180,4 миллион дона тухум (106,7 фоиз) ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Top