12:00 / 04.05.2016
3887

ОАВ: Жанубий Корея Эрон инфратузилмасига 25 млрд доллар сармоя киритишга тайёр

Financial Tribune газетасининг маълум қилишича, Жанубий Корея республикаси Эронга экспортни кредитлаш мақсадида 5 млрд доллар ажратган. 

Нашрнинг қайд этишича, расмий Сеул қўшма лойиҳаларни молиялаштиришда ўз ташкилотларининг Эронга экспортини қўллаб-қувватлаш учун 5 млрд доллар давлат кредити тақдим этишга розилик билдирган. Эрон экспорт кафолатлари жамғармаси ва Корея савдони суғурталаш корпорацияси ўртасида имзоланган битим ҳам айни режага хизмат қилади.

"Форс" агентлигининг хабар қилишича, 3 май куни Теҳронда бўлиб ўтган бизнес-форумида икки мамлакат компаниялари ўртасида 13 та ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Уларда, хусусан ҳар бири 500 МВтлик 3та электрстанция барпо этиш, Жанубий Форс йирик газ конининг 12 блоки иккинчи навбатини қуриш, Ахваз-Исфаҳон темирйўлини қуриб фойдаланишга топшириш лойиҳалари мавжуд. 

Ушбу ҳужжатлар Корея Республикаси президенти Пак Кин Хенинг Эрон пойтахтига уюштирган 3 кунлик расмий ташрифи доирасида имзоланган. Жанубий Корея етакчиси Теҳронда бўлиб турган вақтда расмий Сеул Эрон инфратузилмаларини ривожлантириш лойиҳаларига 25 млрд доллар миқдорида сармоя киритишга тайёрлигини билдирган. Пак Кин Хенинг Tehran Times газетасига берган интервьюсида айтишича, "бу Корея Республикаси шу пайтгача хорижий давлатга таклиф қилган энг йирик сармоя миқдоридир".

2 май куни Эрон давлат раҳбари Хасан Руҳоний жанубий кореялик ҳамкасби Пак Кин Хе билан бирга Теҳрон музокараларига бағишланган матбуот брифингида, томонлар ўзаро савдо-иқтисодий алоқалари ҳажмини 3 бараварга ошира олиши ҳақида фикр билдирган эди. Ҳозирда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ҳажми 6 млрд долларга баҳоланади. Эрон ва Жанубий Корея ўртасида ҳукуматлар ва маъмуриятлараро турли соҳаларда алоқаларни ривожлантиришга оид 20та меморандум имзоланган. 

Томонлар нефть ва газ қазиб олишда ҳамкорлик қилишга келишиб олишган. Бундан ташқари, Эрон сув заҳиралари лойиҳалари, электрэнергетикаси ишлаб чиқариш ва янги энергия манбалари соҳалари, ҳуқуқий, банклараро ва божхона тизимлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинган. Шу билан бирга, замонавий технологиялар ҳамда Эрон портлари инфратузилмаларини ривожлантириш борасида битимга эришилган. Фан ва олий таълим, илмий-маданий алмашинувлар, соғлиқни сақлаш ҳамда тиббиёт ходимларини тайёрлаш борасида меморандумлар имзоланган.

Top