14:15 / 05.05.2016
11109

5 май халқаро ногиронлар хуқуқлари учун кураш куни

5 май куни  жаҳон хамжамияти Халқаро ногиронлар  хуқуқлари учун кураш кунини нишонлайди. 1992 йилнинг 5 май куни Европадаги 17та мамлакатда бир вақтнинг ўзида имконияти чекланган фуқоролар ўзларининг хуқуқлари таъминланишини ва камситилишларга йўл қўймасликни талаб қилиб чиқдилар. Шу тариқа ҳар йили 5 майда ногиронларнинг хуқуқларини ҳимоя қилиш куни ўтказиладиган бўлди. Бу кунни 3 декабрда нишонланадиган Халқаро ногиронлар куни билан адаштириб қўймаслик керак. Сана муносабати билан бир қатор мамлакатларда “Ногирон- жамиятнинг тенг хуқуқли аъзоси” деб номланган анжуманлар ва хайрия тадбирлари ўтказилади.

Тадбирдан кўзланган мақсад имконияти чекланган кишилар дуч келаётган муммоларга кенг жамоатчтилик эътиборини қаратишдан иборатдир. Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда айрим мамлакатларда ногиронларнинг хуқуқларига амал қилинмайди. Имконияти чекланган кишиларнинг ишга жойлашиши, таълим олиши билан боғлиқ муаммолар нафақат қашшоқ мамлакатларда, балки иқтисоди ривожланган мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. 

Жахон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда ер юзида 1 миллиарддан ортиқ имконияти чекланган фуқоро истиқомат қилади. Бу дунё аҳолисининг 15 фоизи демакдир. Уларнинг 100 миллионини болалар ташкил қилади. Мутахассисларнинг фикрича, аҳолининг кексайиб бораётгани ва сурункали касалликларнинг ортиб бораётгани ҳам ногиронлар сонининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.  
2006 йилнинг 13 декабрида Нью-Йоркда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни имзолаш жараёни бошланди. 21 асрдаги  инсон хуқуқлари ҳимоясига қаратилган биринчи шартнома дея тан олинган мазкур ҳужжат 50та давлат томонидан имзоланганидан сўнг  2008 йилнинг 3 май куни кучга кирди. Айни дамда Конвенцияни 158 та давлат имзолаган ва 147 таси  ратификация қилган. Мазкур конвенцияда имконияти чекланган инсонлар мурувват кўрсатиладиган объект эмас, балки ҳуқуқ ва эркинликларга эга, фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда жамият ҳамда давлатни ривожлантиришнинг тенг ҳуқуқли иштирокчилари ҳисобланган шахслар экани эътироф этилган. Мазкур ҳужжатнинг ратификация қилиниши имконияти чекланган инсонларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва ривожлантириш учун қўшимча кафолатлар яратади. 

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар бир инсон ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёхуд бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ёхуд табақавий ёки бошқа шароитидан қатъи назар, барча ҳуқуқлар ва эркинликларга эга бўлишлари шарт эканлиги белгилаб қўйилган. Бу ногиронларга ҳам  бевосита ва тўла тааллуқлидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрдаги 61/106-резолюцияси билан қабул қилинган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” ҳамда “Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга Факультатив  протокол” ана шу халқаро ҳужжатларнинг асосийлари ҳисобланади. Уларда ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ва бу ҳуқуқлардан бошқалар билан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини кафолатлаш тамойиллари  белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, Конвенцияни ратификация қилган ёки унга қўшилган давлатларнинг ногиронларнинг мустақил турмуш кечиришлари ва турмушнинг барча жабҳаларида ҳар тарафлама иштирок этиш имкониятига эга бўлишлари учун уларнинг бошқалар билан тенг равишда ижтимоий муҳитдан, транспорт, ахборот ва алоқа, шу жумладан ахборот-коммуникация технологиялари тизимидан, шаҳарларда ва қишлоқ жойларида аҳоли учун тақдим этиладиган бошқа объектлар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш борасидаги мажбуриятлари кўрсатилган. Конвенцияда қайд этилган қоидаларга риоя этилиши ва иштирок этувчи давлатларнинг мазкур масала бўйича мажбуриятларининг ижросини таъминлашни мувофиқлаштириш ва бунинг мониторингини амалга ошириш мақсадида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ташкил этилган. Бугунги кунда атиги 45та мамлакатдагина имконияти чекланган шахсларнинг камситилишига қарши қонун қабул қилинган. 

Мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларни тиббий-психологик ва ижтимоий реабилитация қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, зарур дори-дармон ва протез-ортопедия воситалари билан таъминлаш, ишга жойлашишга кўмаклашиш, меҳрибонлик уйларини таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам муҳим ўрин тутаётгани эътиборга лойиқдир.  

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция”сини имзолаган. Мамлакатда ногиронларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари ҳам яратилган. 2008 йилда мамлакат парламенти янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилганлиги, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2011–2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги ва улар ижроси собитқадамлик билан таъминланаётганлиги — бунинг яққол далолатидир.      

Мамлакатимизда аҳоли пунктларини лойиҳалаш ва қуриш, транспорт воситалари, алоқа ва ахборот воситаларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришда ногиронларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинади. Ногиронларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган шаклларда, экстернат, масофадан ўқитиш, давлат таълим стандартлари асосида оиладаги таълим ва мустақил таълим шаклларида амалга оширилади. Уларнинг умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълими барча таълим муассасаларида, зарур бўлган ҳолларда эса, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида амалга оширилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар уйда ишловчи ногиронларга, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи ногиронларга мазкур фаолият учун яшашга мўлжалланмаган жойлар берилишида, хом ашё олиши ва маҳсулот
сотишида зарур ёрдам кўрсатадилар.

Ўзбекистонда ногиронларга ижтимоий ёрдам пул тўловлари (пенсиялар, нафақалар, бир йўла бериладиган тўловлар), техника воситалари ёки бошқа воситалар, шу жумладан автомобиллар, ўриндиқли аравачалар, протез-ортопедия буюмлари, махсус ҳарфли матбаа нашрлари, овоз кучайтиргич аппаратлар ва сигнализаторлар билан таъминлаш, тиббий, касбий, ижтимоий реабилитация қилиш, маиший ва транспорт хизматлари кўрсатиш, дори воситалари билан таъминлаш каби турларда кўрсатилади.
Ўзгаларнинг парваришига ва ёрдамига муҳтож ногиронларга туман,
шаҳар ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан уйда ёки ногиронларга  ижтимоий хизмат кўрсатиш стационар муассасаларида тиббий ва маиший хизматлар кўрсатилади.                  

Шарофиддин Тўлаганов
 

Top