10:53 / 05.05.2016
3665

Андижон вилоят БЎФМда совриндор футболчилар шарафланди

Дунёда ота-оналар учун ўз фарзанди эришган ютуқларини кўришдан кўра қувончли дақиқалар бўлмаса керак.

Кеча Андижон болалар ва ўсмирлар футбол мактабида бўлиб ўтган тантанали тадбирда ана шундай онлар гувоҳи бўлдик.

Муассасанинг икки жамоаси Бекобод ва Шаҳрихонда ўтказилган мусобақаларда иштирок этиб фахрли ўринларни қўлга киритди. Мураббий Ҳаётбек Сариев бошчилигидаги 2003-2004 йилда туғилган болалар жамоаси Бекобод шаҳрида ўтказилган Республика очиқ турнирида, Тўлқинбек Камолов ҳамда Санжарбек Холдоров қўл остида шуғулланаётган 2005-2006 йилда таваллуд топган тарбияланувчилардан ташкил топган жамоа эса Шаҳрихонда “Ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қарши” шиори остида ўтказилган турнирда фахрли ўринларни эгаллаб қайтди.

Футбол мактабида бўлиб ўтган тантанали тадбирда иштирок этган вилоят спорти соҳаси мутасаддилари, мураббийлар ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари иштирок этдилар.

Совриндор жамоаларга вилоят “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамғармаси, “Андижон” профессионал футбол клуби томонидан диплом ва эсталик совғалар топширилди. Тадбирда сўз олган ота-оналар мамлакатимизда ёшларни ўзлари қизиққан барча соҳаларда шуғулланиши учун яратилган шароитлардан мамнун эканлиги тўғрисида гапириб, мураббий ва ўқувчиларга омадлар тиладилар.

-Тарбияланувчиларимиз томонидан эришилган муваффақиятларни мана шундай тарзда рағбатлантириб борилиши уларнинг келажакдаги ютуқларига ижобий таъсир кўрсатади,-дейди футбол мактаби директори Бекзодбек Каримов. Тажрибали мураббийларимиз иш олиб бораётган ҳар икки жамоа сафида келажакда турли терма жамоалар сафида тўп суриб мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган маҳоратли футболчилар етишиб чиқади, деб умид қиламиз.

 

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон

Top