14:23 / 05.05.2016
5067

Гаражда 30 йил турган Aston Martin кимошди савдосига қўйилди

Silverstone кимошди савдо уйи 1968 йилда ишлаб чиқилган Aston Martin DBS купесини савдога қўйгани ҳақида эълон қилди. Машина 1986 йилдан бери гаражда сақланган. Унинг тахминий бошланғич нархи 50-60 минг фунт стерлингга (72,4-101 минг АҚШ доллари) баҳоланмоқда. 

Машинанинг илк эгаси уни 1968 йил ноябрида Суррей графлигида рўйхатдан ўтказган. Унинг тўпламига қўшимча равишда Motorola радиоси, 3 босқичли Borg&Warner автоматик узатмалар қутиси, руль бошқаруви кучайтиргичи, туманга қарши чироқлар ва кондиционерга ҳам буюртма берилган. 

1970 йил апрелида Паскуа исмли Жерси фуқароси купени харид қилган ва шундан бери у оролни тарк этмаган. Астон Мартиннинг янги хўжайини 18 йил мобайнида машинадан фойдаланган, бу муддат мобайнида атиги 49 минг 189 км. масофа юрган,  холос. 

Автомобилнинг интерьер ва экстерьери қайта ишланмаган, заводдан чиққан ҳолида сақланган. Кузови ва салони тегишли равишда Milk Bronze ҳамда Red Connolly рангларини акс эттиради. Бироқ уларга жиддий қайта ишлов бериш лозим. DBS капоти остида бирқаторли 4 цилиндрли 287 от кучини берадиган  6 литр ҳажмли мотор мавжуд. Унинг техник ҳолатига ойдинлик киритилмаган. 

Aston Martin DBS купеси – 1969 йилда Жеймс Бонд ҳақидаги "Жаноби олияларининг хизматида" фильмидан сўнг машҳур бўлиб кетган эди. Ундан 1967-1972 йилларда атиги 787 дона ишлаб чиқарилган. 2007 йили Британиянинг машҳур бренди айни номдаги янги моделни намойиш этган эди. Бу сафар Aston Martin DBS 510 от кучи билан таъминлайдиган V12 мотори билан жиҳозланган суперкарга айлантирилди. У 2012 йилгача ишлаб чиқарилган.

 

Top