11:43 / 05.05.2016
4065

Лондондаги аукционда 70 млн долларга 1190 каратли олмос қўйилди

Дунёдаги энг йирик олмослардан бири - 1190 каратли олмос 29 июнь куни Лондонда бўлиб ўтадиган кимошди савдосига қўйилади. Аукцион уйи теннис тўпига тенг ҳажмдаги Lesedi la Rona ("Бизнинг ёғдумиз")  деб номланган сайқалланмаган тош учун 70 миллион доллар олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида  Sotheby's савдо уйи маълум қилган.

"У ҳажм ва сифат жиҳатидан аъло даражада. Шу пайтгача очиқ савдога қўйилган олмосларнинг ҳеч бири Lesedi la Rona'га тенг келолмайди", - деди Sotheby's қимматбаҳо тошлар ва заргарлик тақинчоқлари бўлими раҳбари Дэвид Беннетт.

Олмос 2015 йилнинг ноябрида Ботсванадаги Lucapa Diamond компанияси томонидан топилган. Унинг ёши - уч миллиард йилдан ортиқ. 

Яқинда бу компания узунлиги 7 сантиметр бўлган 404,2 каратли олмосни топди. Вазнига кўра, у дунёда 27-ўринни эгаллайди, унинг баҳоси деярли 20 миллион долларга тенг дейилмоқда. Ушбу олмос Анголада топилган энг йирик олмос ҳисобланади. Бундан олдин топилган энг йирик олмос "Ангола юлдузи" 217,4 карат  вазнга эга бўлган, у 2007 йилда топилган. Дунёдаги энг катта олмос - 3106 каратли (621 грамм) машҳур "Куллинану" олмоси ҳисобланади, у 1905 йилда Жанубий Африкада қазиб чиқарилган. Ундан тайёрланган бриллиантлар Буюк Британия монархлари тожини безаб туради.

Top