22:36 / 07.05.2016
6951

"Бавария" кетма-кет 4 маротаба Германия чемпиони бўлди 

"Бавария" Бундеслиганинг 33-турида "Ингольштадт"ни меҳмонда 1:2 ҳисобида ютиб, муддатдан аввал чемпионликни қўлга киритди.   

Мюнхенликлар сафида Роберт Левандовски иккита тўп киритди, ҳужумчи голлардан бирини пенальтидан урди. Мезбонлар футболчиси Моритц Хартманн 11 метрлик жарима нуқтасидан битта жавоб тўпини киритди.  

"Бавария" Бундеслига тарихида биринчи бўлиб кетма-кет 4 маротаба Германия чемпиони унвонини қўлга киритди. Мюнхен клуби ўзининг Бундеслигадаги чемпионлик сони бўйича рекордини янгилади ва 25-маротаба бу унвонга сазовор бўлди. Ундан кейинги ўринларни Дортмунднинг  "Боруссия" ва Мёнхенгладбахнинг "Боруссия" клублари эгалламоқда, иккала клуб 5 маротабадан Германия чемпиони бўлган. 

Шунингдек, турдан ўрин олган Дортмунднинг "Боруссия"си ва "Айнтрахт" учрашуви бўлиб ўтди. Дортмундликлар 1:0 ҳисобида имкониятни бой беришди ҳамда чемпионатнинг тугашига бир тур қолганда мюнхенликлардан ўтиб кетиш учун барча имкониятлардан маҳрум бўлишди: "қовоқарилар"да 77 очко, мюнхенликларда 85 очко бўлди.

Германия Бундеслигаси. 33-тур
Ингольштадт 04  – Бавария – 1:2
Голлар:
Левандовски, 15 (0:1, пен); Левандовски, 32 (0:2); Хартманн, 42 (1:2, пен).

Айнтрахт Ф – Боруссия Д – 1:0
Гол:
Айгнер, 14 (1:0).

Top