11:34 / 07.05.2016
14304

Қарши шаҳрида фаолият юритган ўсмир ўғриларнинг аянчли тақдири

Судланувчи Жасур Алимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 1997 йилда Қарши шаҳрида туғилган. Маълумоти ўрта махсус. Илгари ҳам жиноят кўчасига кириб, амнистия туфайли унга оид иш ҳаракати тугатилган. 
Жасурнинг  шериклари – синфдоши  Камол Сувонов 1996 йилда, қўшниси Отабек Ҳакимов 1999 йилда, таниши Шаҳбоз Нуриев 1998 йилда, янгасининг укаси Авазбек Розиқов 1998 йилда туғилган. 

Отабек Шайхали маиший хизмат кўрсатиш (айни пайтда Қарши енгил саноати ва сервис) касб-ҳунар коллежида, Шаҳбоз Қарши политехника касб-ҳунар коллежида, Авазбек Қарши агробизнес ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида ўқишади.
Булар сафида икки нафар фарзанднинг онаси бўлган Мафтуна Бўриева ҳам бор. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

2014 йил 6 январь. Жасур, Камол ва Отабек Қарши шаҳри, Маҳтумқули маҳалласи, “Ёшлик” кўчаси 16-уйнинг рўпарасида турган Spark автомашинасидан жами 380 минг сўмлик аудиомагнитафон калонкалари ва резина тўшамаларни ўғрилаб кетишган...
2014 йилнинг кузи. Отабек Қарши шаҳри Араловул маҳалласидаги “автомойка”да турган “Damas”дан 1 млн. 200 минг сўмлик ноутбукни ўғрилаб, танишига 100 минг сўмга сотиб юборади... 
2015 йил 17 январь. Қарши шаҳри 4-миттитуманда жойлашган кафе ёнида турган “Damas”дан 300 минг сўмлик аудиоколонкалар ғойиб бўлади. Жиноят “муаллифлари” яна Жасур эди.
22 январь соат 20:00лар атрофида Жасур “Геолог” кўчасидаги тренажёр зали ёнида турган “Damas”дан 350 минг сўмлик аудиомагнитафон “йўқ бўлиб” қолади...
2015 йил 4 февраль. Каманди кўчасидаги сартарошхонадан 1 млн. 200 минг сўмлик ноутбук  ғойиб бўлди. “Бош роллар”да яна Жасур, Камол, Отабек...

Эртаси куни. Жайхун кўчасидаги меҳмона рўпарасидаги “Пайнет” шохобчасидан “движок”, овоз кучайтиргич, модем сингари жами 1 млн. 960 минг сўмлик буюм ва пул ўғрилаб кетилди. 
1 апрель кунида Жасур, Камол ва Отабек Қарши муҳандислик-иқтисодиёт  институти автотураргоҳида турган “Damas”дан аудиомагнитафон, тўшамалар, пул сингари жами 150 минг сўмлик мулкни талон-тарож қилишди.
5 апрелга ўтар кечаси. Жасур, Камол ва Отабек яна бедор эди. Қарши шаҳри 6-миттитуманда жойлашган “Фазо” савдо дўконидан жами 1 млн. 860 минг сўмлик парфюмерия ва озиқ-овқат маҳсулотларини  ўғрилашди. 
6 апрелга ўтар кечаси. Амир Темур кўчаси, 118-Б уйда жойлашган савдо дўконидан  2 млн. 800 минг сўмлик телевизор ва 30 минг сўм пул ўғриланди. Яна Жасур, Камол, Шаҳбоз...
10 апрелга ўтар кечаси. Жасур, Камол ва Шаҳбоз Ўзбекистон  кўчасидаги 426-савдо дўконидан 2 млн. 500 минг cўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва 1 млн. 500 минг сўмлик ноутбукни ўғрилаб кетишди... 
11 апрелга ўтар кечаси. Қарлиқбоғот кўчасида жойлашган кийим-кечак дўкони эса шу кеча 6 млн. 630 минг сўмлик эркаклар ва болалар кийим-кечаклари ҳамда пулидан айрилиб қолди. Жасур, Камол ва Шаҳбоз эса бу пайтда бемалол “ўлжа тақсимоти” билан овора эди... 

2014 йил 30 август куни икковлон “Эски бозор” ҳуддудида турган “Damas”дан 1 млн. 271 минг сўм пули бўлган пластик карточкани ўғрилаб, пулини шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборишган. 2015 йил анварь ойининг ўрталарида “Пахтазор” митти туманидаги 15-мактаб олдидаги кўп қаватли уйлар ёнида турган “Damas”дан 170 минг сўмлик аудиомагнитафонни, 2015 йилнинг 9 февраль куни “Орзу” бозори ёнида тўхтаган “Damas”дан 1 млн.сўмлик ноутбукни ўғрилашган.
Энди бу ишларга аралашиб қолган Мафтуна Бўриеванинг қилмишлари ҳақида тўхталсак. Таниши Мафтунанинг буюртмасига кўра, 2014 йил 30 апрель куни Жасур Қарши шаҳри “Пахтазор” миттитумани ҳудудида турган “Нексия”нинг олд буферидаги давлат рақамларини ечиб олади. 2014 йил 7 майга ўтар кечаси Қарши шаҳри, 3-миттитуман 71-уйнинг олдида турган “Нексия”нинг давлат рақамини ўз мақсадларида фойдаланиш учун ўғрилашган. Кейинчалик бир “Damas”, бир “Spark”ка тегишли давлат рақамларининг тақдири ҳам шундай бўлди.

Маълум бўлишича, икки нафар фарзанди билан биринчи турмуш ўртоғидан ажрашиб, бошқасига турмушга чиққан Мафтуна эрини рашк қилиб, уни кинодаги детективлардек кузатишга киришган. Кузатув жараёнида турмуш ўртоғи машинасини таниб қолмаслиги учун бошқа давлат рақамларидан фойдаланишни режалаштирган...

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида мазкур судланувчиларнинг жиноят ишлари кўрилди. Уларнинг жиноятлари тегишли далил ва гувоҳларнинг кўрсатувлари орқали ўз исботини топди ва йигитларнинг қилмишига яраша жазо тайинланди.

Мафтуна Бўриевага эса жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида жарима жазоси тайиланди.

Top