19:29 / 10.05.2016
7898

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг жорий йил 5 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар, маҳалла ва овулларида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови юксак савияда ўтказилмоқда.

Сайловга пухта тараддуд кўрилган. Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи шаҳар ва туман комиссиялари, ҳар бир йиғинда ташкил этилган ишчи гуруҳлари тарғибот ишлари олиб борди. Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига обрў-эътиборли, фаол ва ташаббускор номзодлар кўрсатилди.

Элликқалъа туманида 13 овул, 16 маҳалла ва 1 шаҳарча фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг раислари лавозимига 90 номзод кўрсатилди. Вакиллар йиғилишларида иштирок этиш учун 1 минг 834 фуқаронинг рўйхати шакллантирилди.

"Элликқалъа" овул фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиларини сайлашга бағишланган вакиллар йиғилишида 72 киши овоз беришда иштирок этди. Фуқаролар йиғини раислигига кўрсатилган номзодлар овулда ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, ҳудудда соғлом маънавий-ахлоқий муҳит барқарорлиги ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида ўз дастурларини баён қилди.

Шавкат Холмуратов "Элликқалъа" овул фуқаролар йиғини раислигига қайта сайланди. Раис маслаҳатчилари лавозимига кўрсатилган 18 номзод орасидан 9 нафари очиқ овоз бериш йўли билан сайланди.

Top