09:55 / 10.05.2016
6898

ЎзМТДП: Ёшлар акцияси доирасида ҳашар ташкил этди

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси  Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилоти  Кенгашининг “Ёшлар қаноти”  томонидани “Юртим тарихини ўрганаман” шиори остида “Тарихдан садо бергувчи обод гўшалар” номли ёшлар акциясини ўтказди.

Акция Жиззах воҳасининг “Илон ўтди” дарасида жойлашган “Амир Темур дарвозаси” яқинида ушбу партиянинг расмий номи  “O’zMTDP” ёзилган белгини ободонлаштириш билан ўтказилди.  Акцияда ЎзМТДП Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилоти раиси ва ходимлари, ЎзМТДП Жиззах шаҳар ҳамда Ғаллаорол туман партия ташкилоти “Ёшлар қаноти” қошидаги “Ёш сиёсий билимдонлар” клуби аъзолари, партия аъзолари ҳамда Жиззах Давлат педагогика институти талабалари иштирок этишди.

-Маънавиятимизни юксалтиришда миллий урф-одатларимиз, анъа­наларимиз ҳамда уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш, тинч, осойишта ҳаёт, дўстлик ва тотувликни қадрлаш, турли муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган бир даврда, ҳаётимизнинг узвий қисмига айланиб кетган халқ ҳашарлари истиқлол даврида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, ёшларимиз томонидан яхши қабул қилинмоқда, – дейди  ЎзМТДП Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилоти  Кенгаши раиси Ғайрат Қодиров. Ҳашарда иштирок этган ёшлар қийин ҳолатларга ҳам дуч келишди.

Жумладан, белгиланган жойга етиб бориш учун сувдан кечиб ўтган иштирокчилар, қўлни-қўлга бериб “Куч бирликда” шиорига амал қилишиб якунда кўзланган мақсадга эришишди.

Буни ҳаттоки жажжи ҳашар иштирокчисининг юзидан ҳам билиб олиш мумкин.

Жиззахдан «Kun.uz» мухбири Акмал Бинокулов

Top