09:21 / 12.05.2016
38470

Дунёнинг энг қиммат брендлари номи эълон қилинди

Forbes журнали томонидан тузилган дунёнинг энг қиммат брендлари рейтингида бу сафар ҳам Apple корпорацияси етакчиликни сақлаб қолди. 

Нашр Apple брендининг қийматини 154,1 миллиард долларга баҳоламоқда. Қайд этилишича, сўнгги мавсумда даромаднинг кескин тушиб кетганига қарамай, компания оммавий талабгир ва юқори технологияли маҳсулотлар саноатида етакчи бўлишда давом этмоқда. Дўконларда ҳам iPhone 7 сабаб Apple мухлисларидан иборат «узун навбатлар» яна пайдо бўла бошлади.

«Олма бренди» ўз яқинидаги рақобатчиси — Google компаниясини  сезиларли даражада ортда қолдиришга муваффақ бўлди. Google ҳам сўнгги йил ичида аҳамиятли ўсиш кўрсаткичларини қайд этди. Мазкур бренд қиймати ўтган йилдаги 65,6 миллиард долларга нисбатан жорий йилда  82,5 миллиард долларни ташкил этди. Шу сабабли, Google қидирув хизмати қимматлаша бошлади ва ўтган йилдаги рейтингда иккинчи ўринни забт этган Microsoft’дан ўзиб кета олди.

Бироқ, Мicrosoft брендининг ҳам қиймати жуда катта ҳисобда бўлмаса ҳам, 69,3дан 75,2 миллиард долларга ортган. Компания рейтингнинг учинчи поғонасини эгаллади. 

Forbes нашрининг таҳлили бўйича тўртинчи ва бешинчи ўринлар Coca-Cola бренди (қиймати  58,5 миллиард доллар) ҳамда Facebook (қиймати 52,6 миллиард доллар) ижтимоий тармоғининг брендига насиб этди.

Шунингдек, Forbes талқини бўйича дунёнинг энг қиммат брендлари рейтингидан сўнгги йилларда тез суратда ўсаётган IBM компанияси, Toyota, Disney, McDonald’s, General Electric ҳам ўрин эгаллади.

Top