14:09 / 12.05.2016
5129

"Реал" яна бир марта Forbes талқинига кўра дунёнинг энг қимматбаҳо клуби сифатида эътироф этилди

Forbes журнали дунёдаги энг қимматбаҳо футбол жамоалари рейтингини тузди.

Бу рейтингда қаторасига тўртинчи марта Мадриднинг "Реал" жамоаси етакчилик қилган. Жамоанинг нархи журнал томонидан 3,65 млрд долларга (бу орқали жамоа 1 йил ичида 12 фоизга қимматлаган) баҳоланган.

Жамоанинг 2014/15 йилги мавсум якунига кўра даромади 694 млн долларни ташкил қилган.

Кейинг 10 йилда "Реал" жамоаси даромади ҳар йили ўртача 7,7 фоизга ўсган. Бунга жамоанинг халқаро майдонлардаги турнирларда муваффақиятли равишда иштирок этиши ҳамда Adidas ва Emirates компаниялари билан тузилган ҳомийлик шартномалари эвазига эришилган.

Рейтингнинг иккинчи ўрнида эса 1 йил олдин бўлгани каби "Барселона" қайд этилган. Forbes журнали бу жамоани 3,56 млрд долларга баҳолаган, каталонияликлар жамоасининг ўтган мавсумдаги даромади 675 млн доллар бўлган. 1 йил олдинги рейтингда жамоа нархи 3,2 млрд доллар этиб белгиланганди. Нашрнинг қайд этишича, жамоа кейинги йилларда биринчи ўринга ҳам кўтарилиб олиши мумкин. Бунга "Барселона"нинг янги стадиони яқин йиллар ичида реконструкция қилиниши ва сиғими ортиши имкон беради. Томошабин сиғимининг ошиши ўйинларнинг чипталаридан тушадиган даромад миқдорини оширади.

Журнал тўртинчи ўринга "Манчестер Юнайтед" жамоасини жойлаштирган. Жамоанинг нархи 3,32 млрд доллар. Инглиз клублари орасидаги рекорд кўрсаткич манкунианликларнинг  Adidas компанияси билан 10 йиллик ҳомийлик шартномаси тузиши орқали амалга ошди. Бу шартномага кўра, жамоага 1,1 млрд доллар маблағ берилиши кўзда тутилган.

Forbes талқинига кўра дунёнинг тўртинчи ўриндаги қиммат клуби  "Бавария" жамоаси ҳисобланади (2,68 млрд доллар). Апрелда мюнхенликлар Adidas компанияси билан ҳамкорликни 10 йилга узайтирганди ва янги шартномага кўра 986 млн доллар оладиган бўлганди.

Рейтингда бешинчи ўринга Лондоннинг "Арсенал" жамоаси жойлашган (2,02 млрд доллар). Мавсум аввалида жамоа мавсум абономентлари нархини 2895 долларга кўтарганди.

Яна бир инглиз жамоаси "Манчестер Сити" олтинчи ўринда - 1,92 млрд доллар. Еттинчи ўринда - Лондоннинг "Челси" жамоаси жойлашган. Роман Абрамович клубини Forbes 1,66 млрд долларга баҳолаган.

Кейинги ўринларни "Ливерпуль" (саккизинчи ўрин, 1,55 млрд доллар), "Ювентус" (тўққизинчи ўрин, 1,3 млрд доллар) ва "Тоттенҳэм" (ўнинчи ўрин , 1,02 млрд доллар) банд этишган.

Дастлабки йигирматаликдаги жамоаларнинг ўртача нархи 1,44 млрд доллардан бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичлардан 24 фоизга яхшироқ ҳисобланади.

Top