18:34 / 13.05.2016
6098

Муҳрларни сохталаштирган тўда қўлга олинди

Диёра Довудова (исм-фамилиялари ўзгартирилган) Ўртачирчиқ туманида “Тўйтепа такси” масъулияти чекланган жамияти ташкил қилади. МЧЖнинг фаолиятини қонуний олиб бориш ўрнига у “ғирром”ликни касб қилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.

Д.Довудова ўзи бошчилик қилаётган жамиятнинг яна икки ходими Наима Муродова ҳамда Маъмур Кабировлар билан жиноий тил бириктиради ва МЧЖга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган 13 та “Дамас” автомобилларининг давлат рақамлари ҳамда бошқа белгиларини тендер ҳужжатларига киритиб, ушбу ҳужжатларни қонунийлаштириш учун жиноятга қўл урадилар. Яъни улар Зангиота туманидаги нотариал идоралардан бирининг имзоларини ҳамда муҳрларини сохталаштириб, тендерда қатнашиш учун ҳужжат тайёрлайдилар. Ушбу жиноий гуруҳ мана шундай ноқонуний йўл билан “Тўйтепа-Алимкент” йўналиши учун ўтказилган тендер танловида ғолиб чиқишади. Аммо сохтакорлик узоққа бормайди. Ҳужжатларни текширишларда уларнинг қилмишлари фош этилди.

Жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ туман суди Д.Довудова, М.Кабиров ҳамда Н.Муродоваларга қилмишларига яраша жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди.
 

Top