11:04 / 13.05.2016
6193

Темир ниқобдаги одам ким бўлгани ҳақида янги китоб ёзилди

Калифорния (Санта-Барбара) университетининг тарих фани профессори Пол Соннино ўзининг янги “The Search for the Man in the Iron Mask: A Historical Detective Story” ("Темир ниқобдаги одамни аниқлаш бўйича тадқиқот: тарихий детектив ҳикоя") китобини тақдим этди. Муаллиф  китобда Людовик  XIV даврида темир ниқобли одам лақабини олган сирли асирнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлганини қайд этди. Бу ҳақида Discovery сайти хабар бермоқда.

Темир ниқоб — ҳақиқий исми ҳануз тарихшунослар ва олимлар учун жумбоқ бўлиб келаётган шахснинг лақаби бўлиб, у 1669 йилда қамоққа олинади. Уни 1703 йилда вафот этгунига қадар, 30 йилдан ортиқ вақт давомида Бастилия ва бошқа француз қамоқхоналарида тутқунликда сақлашган. Маҳбус қамоқда доим ниқоб таққанлиги учун шахси номаълум бўлиб келган, дея қайд этади Соннино.

«Олимлар маҳбусни Эсташ Доже деб чақиришган ва у ҳамиша бахмалдан тайёрланган ниқобда юрган, деган фикрларни билдиришади», дейди Соннино. Муаллиф ўз китобида темир ниқобдаги одам тўғрисида тарихий ҳужжатлардан мисоллар келтириб, ўқувчиларни ўз тадқиқотини исботловчи турли далиллар билан таништиради. Унинг аниқлашича, Доже Людовик XIV ҳукмронлигининг илк даврларида Франциянинг биринчи вазири ҳисобланган кардинал Мазаринининг хона хизматчиси бўлган. Китоб муаллифининг сўзларига мувофиқ, хизматчи Мазарини бойлигининг бир қисми  Англия қирол ва қироличасидан ўғирланган, деб ҳисоблагани учун уни қамоққа юборишади ва агар Доженинг шахси аниқлангудек бўлса, ўлишини айтиб, таҳдид қилишади. 
 

Top