20:29 / 13.05.2016
18919

Тошкент шаҳри пиёдалар ўтиш жойларида йирик ойналар ўрнатила бошланди

Тошкент шаҳри йўлларининг пиёдалар ўтиш жойларида махсус йирик ойналар ўрнатила бошланди. Булар йўллардаги хавфсизликни ошириши керак.

Шундай ойналарнинг биринчиси пойтахтдаги Кичик ҳалқа йўлининг Боткина қабристони яқинида ўрнатилган. Юмалоқ ва сферик ойна ҳайдовчига пиёдалар ўтиш йўлагини тўлиқ кўриш имконини беради. Шу билан йўл ҳаракати ходисасининг олдини олиш кўзда тутилган. 

Айтиш жоизки, шаҳардаги марказий кўчаларнинг ўртасига панжаралар тортилгач, йўл чеккаси, кўчани кесиб ўтмоқчи бўлган пиёдалар умуман кўринмай қолган эди. Бу ҳолат ҳайдовчи учун гўёки пиёда бехосдан чиқиб келаётгандек тасаввур уйғотар эди. 

Бундан ташқари, пиёда ўтиш жойи қаршисида тўхтаган автомобил ортида келаётган ҳайдовчи ҳам олдини яхши кўрмас эди. Бундай ойналарнинг ўрнатилиши бу каби муаммоларга барҳам беради. 

Маълумки, 1 мартдан бошлаб, Ўзбекистон йўл ҳаракати қоидаларига қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, пиёдалар йўлни кесиб ўтаётганда диққатни чалғитувчи ҳаракатларни амалга ошириш, хусусан, қулоқчин тақиб юриш, телефонда суҳбатлашиш мумкин эмас.

Top