22:16 / 15.05.2016
4601

Ҳиндистон янги ўрмонларни яратиш учун 6 млрд доллар сарфламоқчи

Ҳиндистон ҳукумати мамлакатдаги ўрмонлар майдонини 30 фоизга ошириш учун 6,2 млрд доллар миқдорида катта маблағ сарфламоқчи. Бу ҳақда Ҳиндистон атроф-муҳит ва ўрмон хўжалиги вазири Пракаш Жавадекар маълум қилди.

"Биз ўрмонлар майдонини ҳозирдаги 21 фоиздан 33 фоизгача оширмоқчимиз. Бу бизга нафақат Ҳиндистоннинг ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг ноёб биологик турфалигини сақлаб қолишга, балки бутун атроф-муҳитнинг сайёра миқёсида соғломлашишига олиб келади, чунки бу бизга атмосферага йилига 2,5 млрд тонна камроқ углерод чиқаришга имкон беради", деб айтди Жавадекар. 

Бу ҳудудларда онгли тарзда тикланган ўрмон хўжалиги ўрмончилик саноати соҳасида минтақа аҳолиси учун янги иш ўринларини яратишга имкон беради, деб айтди вазир. 

Ҳиндистон миллий дастури доирасида тушкун аҳволда бўлган 5 млн гектар ўрмон ерларини тиклаш ҳамда ўрмонга эга бўлмаган яна 5 млн гектар ерга ўрмон ўтқазиш кўзда тутилган. Вазирнинг маълум қилишича, тегишли қонун лойиҳаси мамлакатнинг қуйи палатаси томонидан маъқулланган ва яқин кунларда парламентнинг юқори палатаси томонидан тасдиқланади. Тегишли маблағлар банк ҳисоб рақамларида экологик бож деб номланувчи маблағлар ҳисобига йиғилган. Ҳиндистонда 2006 йилдан  корпоратив жавобгарлик қонуни доирасида йирик компаниялар экологик лойиҳаларни амалга ошириш учун соф даромаддан 2 фоиз бож тўлашлари лозим қилиб белгиланган.

Яқин йилларгача Ҳиндистоннинг катта қисми турли қуюқ ўрмон билан қопланган бўлган. Бугунги кунда бундай ўрмонлар мамлакатнинг бешдан бир қисмидагина қолган. Бироқ мутахассислар ҳукуматнинг бу ғоясига турлича баҳо беришмоқда, чунки прогнозларга кўра, 2040 йилгача аҳолиси 1,6 млрд кишига етадиган Ҳиндистонда ўрмон экиш учун янги ерларни бўшатиш жуда мураккаб бўлади.

Top