14:54 / 16.05.2016
5777

Америкалик олимлар дераза ойналарини шаффоф ёғочга алмаштиришни таклиф қилишди

Энергияни тежаб ишлатиш муаммоси долзарб бўлган бугунги кунда совуқ кунларда бинолардаги иссиқликнинг йўқолиши муаммосига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Совуқ асосан дераза ойналари орқали кириши маълум, шиша иссиқликни жуда яхши ўтказади. Хонани илиқ ҳарорат йўқотишдан сақловчи ва иссиқликка кетадиган харажатларни камайтирувчи ёғоч эса бошқа гап. 

Шу боис Коллеж-Паркдаги Мэриленд университети кимёгарлари уни анъанавий шишанинг муносиб муқобили деб ҳисоблашмоқда. 

Профессор Лянбин Ху гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган усул ёғочни буткул шаффоф қилиш имконини беради.

Advanced Materials журналида мазкур технологияга тўлиқ тавсиф берилган. 

Икки босқичли жараён  ароматик полимерларнинг мураккаб аралашмаси - лигнинларни парчаловчи натрий ишқорли ва бирикмали сув аралашмасида ёғочни юқори ҳарорат остида қайта ишлашни талаб қилади. 

Иккинчи босқичда бундай шаффоф "юмшатилган" ёғочга уни бир неча карра мустаҳкамлайдиган тиниқ эпоксид қатронлар қуйилади.

Муаллифларнинг сўзларига кўра, бундай усулда олинган "ёғоч композит" кўплаб фойдали қўлланмалар учун қулай бўлган муҳим хусусиятга эга. Материалнинг табиий ғовакли тузилиши сақланиб қолади, уни керакли газ ёки суюқлик билан тўлдириш осон.

Ҳозирча технология ишлаб чиқаришнинг биринчи босқичида. Олимларнинг олдида ҳали исталган ўлчамдаги шаффоф ёғочни ишлаб чиққариш масаласи турибди. Бугунга қадар уларнинг ҳажми 12Х12 сантиметр ва қалинлиги деярли 1 сантиметр ўлчамдан катта бўлмаган шаклларини яратишга муваффақ бўлинди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, швед олимлари ҳам худди шундай технология устида иш олиб боришмоқда. Бу ҳақида бир неча ҳафта илгари Biomacromolecules журналида маълумот берилган.

Top