11:47 / 17.05.2016
6445

Шинейд О'Коннор Чикаго атрофидаги ҳудуддан топилди

15 май куни йўқолиб қолгани маълум бўлган ирландиялик қўшиқчи ва бастакор Шинейд О'Коннор Чикаго шаҳри атрофидаги ҳудуддан соғ-саломат ҳолда топилган. Бу ҳақда полиция маълум қилган. Унинг руҳий ҳолати ҳақида аниқ айтилмаган.

Ирландиялик қўшиқчи Чикаго полицияси уни излашни бошлагани ҳақида эълон қилишидан бир неча соат ўтиб топилган.

О'Коннор 15 май куни тонгида велосипедига минган ҳолда чиқиб кетган ва қайтмаганди.

Шу куни полицияга қўнғироқ қилиб, унинг бедарак кетгани ҳақида билдиришган. Қўнғироқ қилган одам унинг соғ-саломатлигидан хавотир билдирган. Гувоҳларнинг айтишича, қўшиқчи сайр учун мўлжалланган кийимда бўлмаган. Унинг устида қора куртка, қора чарм шим ва свитер бўлган.

Ўтган йилда унинг руҳий ҳолати издан чиқиб, ўз жонига қасд қилишига бир бахя қолганди.

Шинейд О'Коннор 49 ёшда. Унинг дунё миқёсида танилишига 1990-йиллар бошида Принснинг Nothing Compares 2 You қўшиғини куйлашдаги иштироки сабаб бўлган.

Жами бўлиб О'Коннор 10та альбом ёзган.

У тез-тез можароларга аралашиб қолиши билан ҳам маълум.

Хусусан, 1992 йили Saturday Night Live телешоусида черков шаънига номаъқул сўзлар айтиб, папа Иоанн Павел II суратини топтаганди.

О'Коннор ўз чиқишларидан бирида қочқинларнинг фарзандлари суратини кўтариб чиққан.

Май ойи бошида О'Коннор америкалик комик актёр Арсенио Ҳоллни кўп йиллар давомида марҳум қўшиқчи Принсга наркотиклар етказиб бериш билан шуғулланиб, унинг ўлимига сабаб бўлганликда айблаганди.

Ҳолл барча айбларни инкор қилган ва О'Коннорни судга берган.

Шинейд О'Коннор 4 марта турмуш қурган ва 4 нафар фарзандли бўлган.

Top