09:59 / 17.05.2016
3405

Жаҳоннинг биринчи ахборот агентлиги асосчисининг соати 3 млн доллардан кўпроққа сотилди

AFP агентлигининг ўтмишдоши, жаҳондаги илк ахборот агентлиги Гавас асосчиси Шарль-Луи Гавасга тегишли чўнтак соати 16 май куни Женевада бўлиб ўтган кимошди савдосида 3,245 млн швейцария франки (3,327 млн доллар)га сотилган, деб хабар қилмоқда Christie's ким ошди савдо уйи.

Гап Breguet русумли соатнинг 217 рақам билан ишлаб чиқарилган маҳсулоти ҳақида бормоқда.

"1817 йилда Шарль-Луи Гавас харид қилган ажойиб соат хусусий швейцар музейидан муносиб жой эгаллайдиган бўлди", - дейилган "Кристис" хабарида. "Унда хусусан, вақтни тўғрилаш механизми бўлиб, у ўртача маҳаллий вақт ва ҳақиқий қуёш вақти ўртасидаги тафовутни кўрсата олади".

Француз банкири, таржимон ва журналист Шарль-Луи Гавас (1783-1858 йй.) 1832 йили "Гавас таржималар бюроси"га асос солган. У хорижий матбуот шарҳларини тайёрлаш билан шуғулланган. 1835 йили у Гавас агентлигига айлантирилган эди. Кейинроқ Европа бўйлаб мухбирларининг кенг тармоғига эга бўлди. Шу сабаб, 1854 йилги Қрим уруши бошланиши хақида илк хабарни бера олди. 

1944 йили унинг негизида AFP (Франс пресс агентлиги) ташкил этилди. Хабарларга кўра, Шарль-Луи Гавас "Брегет" соатини 1817 йил 31 декабрида ўша давр ҳисоби бўйича йирик 4,8 минг франк эвазига харид қилади. Унинг вафотидан сўнг, меросхўрлари соатни британиялик олим ва соатлар коллекционери Дэвид Саломонсга сотишган. 

1963 йилда мазкур соат илк марта кимошди савдосига қўйилган ва португалиялик коллекционер томонидан "астрономик маблағ" эвазига харид қилинган эди. Сўнгра у яна икки марта қайта сотилган. "Кристис" кимошди савдо уйи сўнгги савдолар арафасида соатнинг нархини 600 мингдан - 1,2 млн франккача баҳолаганди.

Top