22:31 / 18.05.2016
13740

Ислом Каримов ва Болгария бош вазири иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни муҳокама қилишди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 18 май куни Болгария бош вазири Бойко Борисовни қабул қилди. Бу ҳақда Спутник агентлиги хабар тарқатган.

Каримов икки давлат муносабатларида фойдаланилмаган салоҳиятларни қайд этиб, икки давлат иқтисоди "бир-бирини такрорламаслигини" таъкидлаган. Борисов эса Болгариянинг инвестициявий ҳамкорлик ҳамда маҳсулотлар айибошлаш ҳажми оширилишидан манфаатдор эканини таъкидлаган.

Учрашувда Ўзбекистон маҳсулотлари Европа бозорига, Болгария маҳсулотлари эса Марказий Осиё ҳамда Хитойга етказилишида транспорт инфратузилмаси ва транзит салоҳияти аҳамияти қайд этилган.

Шунингдек, томонлар иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари – саноат, транспорт коммуникациялари, туризм, шунингдек, замонавий қўшма саноат корхоналарини ташкил қилишнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилишган.

Учрашувда Ўзбекистон билан Болгария ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ишбилармон доиралар делегациялари алмашиш бўйича келишиб олинди.

Болгария бош вазири Тошкентга ташрифи доирасида “OGU-2016” кўргазмасида доирасида мотор мойи ишлаб чиқаришга ихтисослашган Ўзбекистон ҳамда Болгария қўшма корхонаси очилишида иштирок этди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2015 йилда 1,5 баравар ошиб, 41,2 млн долларни ташкил этган. Ўзбекистонда Болгария сармояси иштирокида 14та корхона фаолият кўрсатади, улардан 3таси (кимё, тўқимачилик, қандолат, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи) 100 фоизга болгарияликлар томонидан сармоялаштирилган.

Учрашувда иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари – саноат, транспорт коммуникациялари, туризм, шунингдек, замонавий қўшма саноат корхоналарини ташкил қилишнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Top