15:03 / 19.05.2016
5214

EgyptAir самолёти қаерга қулагани маълум қилинди

EgyptAir авиакомпаниясининг A320 йўловчи самолёти Греция таркибидаги Карпатос оролларидан унча узоқ бўлмаган ҳудудда қулаб тушган. Бу ҳақда Греция Фуқаролик авиацияси маълумотига асосланиб, Франс Пресс агентлиги хабар тарқатган.

"EgyptAir самолёти Миср ҳаво ҳудудидалигида шўнғишни бошлаган ва Грециянинг Карпатос ороли яқинидаги ҳудудга тушган", дейилган хабарда.

Манбанинг маълум қилишича, самолёт маҳаллий вақт билан соат 00:29да (Тошкент вақти билан соат 5:29) Карпатос оролидан 240 км масофада қулаган.

Бундан олдинроқ, Греция ҳукумати Ўрта Ер денгизи аҳолисининг осмонда "оловли шар" кўргани ҳақидаги маълумот бўйича текширув олиб боргани хабар қилинганди.

Самолёт «Шарл-де-Голль» аэропортидан Париж вақти билан 23:09 да (Тошкент вақти билан 2:09) парвоз қилган ва Қоҳирага маҳаллий вақт бўйича 3:05 (Тошкент вақти билан 06:05) да етиб келиши керак эди. У Қоҳира вақти бўйича 3:45 да радарлардан ғойиб бўлган.

MS804 рейси бортида 56 нафар йўловчи (улардан уч нафари бола) ва ўн нафар экипаж аъзоси бўлган. Улар Миср, Франция, Буюк Британия, Ироқ ва Саудия Арабистони фуқаролари бўлган.

Авиакомпания Twitter’даги саҳифасида йўқолиб қолган А-320 2003 йилда ишлаб чиқарилганлигини маълум қилди. Уни тажрибали экипаж бошқараётган эди, экипаж командири 6 275 соат, унинг ёрдамчиси 2 766 соат парвозни амалга оширган.

Кейинроқ бу самолётда 2013 йили техник носозлик қайд этилгани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Миср ҳарбийлари маҳаллий вақт билан соат 4:26да (Тошкент вақти билан соат 7:26) йўқолган лайнер ҳалокат сигнали юборгани ҳақида маълум қилишди.

Самолёт радарлардан йўқолишидан олдин 11 км баландликда бўлган.

Миср Фуқаролик авиацияси EgyptAir самолёти ҳалокатга учраганини тасдиқлади.

Top