10:46 / 19.05.2016
9651

Иқтисодчи: Жанубий Корея Ўзбекистоннинг бош ҳамкори

Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг бизнесни қуриш фалсафаси ва иқтисодий ривожланиш модели ўхшаш, бу Сеулга Тошкент билан иқтисодий ҳамкорлик қилиш учун барқарор плацдарм яратишга имкон беради. Бу ҳақида РФА Иқтисодиёт институти ходими, МДҲ давлатлари институтининг иқтисодиёт бўлими раҳбари Аза Мигранян маълум қилган. 

18 май куни Жанубий Корея бош вазири Хван Ге Аннинг Тошкентга ташрифи доирасида республика президенти Ислом Каримов билан музокаралар ўтказилди. Бунда асосий эътибор иқтисодий ҳамкорликка қаратилди - Сеул Ўзбекистон учун ташқи иқтисодий алоқаларда бош ҳамкор ҳисобланади. 

Жанубий Корея Ўзбекистонни доимий стратегик ҳамкори сифатида қабул қилади. Экспертнинг сўзларига кўра, дунёда глобал рақобат кучайган бир пайтда бундай ҳамкорлик Сеул учун барқарор сотув ҳажмини таъминлайди. Жанубий Корея ҳукумати икки томонлама фойдали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида. 

"Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистоннинг Жанубий Корея билан ўзаро алоқалари чуқур тус олган. Ҳамкорлик янги технологияларни қўллаш ҳамда иқтисодиётни модернизация қилишга йўналтирилган. Тошкент иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишда узоқ муддатли стратегик ҳамкордир , - деди Миграян".

Ўзбекистон Жанубий Кореядан машиналар, асбоб-ускуналар, ишлаб чиқариш воситаларини олади ва ўз навбатида у ерга пахта ҳамда энергия ресурсларини етказиб беради. Жумладан, енгил автомобиллар ишлаб чиқаришда Жанубий Корея ускуналаридан фойдаланилади, шу билан бирга Сеул газни ва энергетик ресурсларни қайта ишлаш бўйича янги технологияларни йўлга қўйишда, кўмак бериб келмоқда.

Экспертнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга экспорт қилиш бўйича Жанубий Корея биринчи ўринда туради. Ўзбекистондан Жанубий Кореяга амалга ошириладиган экспорт ҳажмига кўра, мамлакат  олтинчи ўринни эгаллайди.

"Жанубий Кореянинг Марказий Осиё мамлакатларидаги ташқи иқтисодий фаолиятида айнан Ўзбекистонга асосий эътибор қаратилади. Савдо-сотиқ ҳажми тахминан 1-1,5 миллиард долларни ташкил қилади. Тўғридан-тўғри инвестицияларнинг умумий ҳажми 3 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга", - деди иқтисодчи. 

Бундан ташқари, икки давлат гуманитар соҳада ҳам фаол ҳамкорлик қилишмоқда. Миграян "иқтисодий билимлар"га оид таълим секторида  Кореянинг иштирокини таъкидлади.

Top