20:25 / 19.05.2016
13785

Тошкентда энг яхши саундтрек ижрочилари тақдирланди

Куни кеча Тошкентнинг Алишер Навоий номидаги Cinema Palaсe кинотеатрида “Зукколар давраси” масъулияти чекланган жамияти томонидан  “Фараҳбахш лаҳзалар” номли кичик ҳайрия концерти бўлиб ўтди.

Ушбу дастурда 1991 – 2015 йиллар мобайнида намойиш этилган ўзбек кинофильмларига куйланган саундтреклар ижро этилди.  Хонандалар томонидан куйланган энг яхши саундтреклар “Энг яхши саундтрек” номинацияси бўйича диплом ва махсус эсдалик совғаларига лойиқ топилди. 

Азим Муллахонов “Шайтанат” -  “Шайтанат”, 
Анвар Ғаниев “Узук кўзи” - “Илтижо” сериали, 
Анвар Собиров  “Жийда гули” - “Жийда гули”, 
Самандар Ҳамроқулов  “Муҳаббат синовлари” - “Азизим”, 
Ёдгор Мирзажонов “Юрагим сеники” фильми “Юрагингни бер”, 
Отабек Муталхўжаев “Ёлғон дунё” - “Юлдуз”, 
Дилноза Исмияминова “Мафтунингман” - “Дўппи тикдим”,
Ҳилола Ҳамидова “Кўз ёшим” - “Алла”, 
Рухшона “Замонавий совчилар” - “Замонавий совчилар” ,
 Масрур Усмонов  “Лафзи ҳалоллар”  - “Бардош”.

Мазкур саундтреклар бевосита мухлислар томонидан энг яхши дея баҳоланиб, ҳайъат аъзолари вазифасини мухлислар бажарди.


Азим Муллахонов: - Шунча йиллар ўтиб “Шайтанат” фильмига куйланган “Шайтанат” саундтреки мухлислар томонидан энг яхши, деб топилишини кутмаган эдим. Ушбу саундтрек илк маротаба куйланганида ҳам кўплаб мухлислар қалбидан жой олган эди. Албатта, камтарона ижодимга бўлган эътибордан хурсанд бўлдим. 

Ҳилола Ҳамидова: - Мен “Кўз ёшим” фильми учун куйлаган “Алла” саундтрекини ижро этдим. Хайрия дастурида барча санъаткорларни тақдирлашда тенг кўрилгани менга маъқул бўлди. Шу каби тадбирларнинг  тез-тез ўтказилиб туришининг тарафдориман. Бу ижодкорга илҳом беради. 

Самандар Ҳамроқулов: - Мен ушбу кичик концерт дастурида “Муҳаббат синовлари” фильми учун куйланган “Азизим” номли саундтрекни ижро этдим ва бу мухлислар томонидан “энг яхши” дея баҳоланди. Ҳар бир ижодкор яратган ижод намунасининг яхши кутиб олинишидан, муносиб тақдирланишидан кўнгли  тоғдек кўтарилади. Шу фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам “Фараҳбахш лаҳзалар” кичик хайрия концерт дастурини уюштирган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. 

“Фараҳбахш лаҳзалар” номли ҳайрия концертининг навбатдаги ва охирги босқичи 2016 йил охирида бўлиб ўтади.

Моҳичеҳра Эшмирзаева

Top