18:01 / 19.05.2016
7223

«Ўзбекнефтгаз» ва Озарбайжоннинг SOCAR компанияси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳужжат имзоланди

«Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016» халқаро кўргазмасининг ишбилармонлар майдонида «Ўзбекнефтгаз» МХК ва Озарбайжон давлат нефть компанияси ҳисобланадиган SOCAR ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича битим имзоланган. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси матбуот хизмати хабар берди.

SOCAR раҳбари Ровнаг Абдуллаев Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов билан, шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» бошқарув кенгаши вакили Алишер Султонов билан учрашув ўтказган ва энергетика соҳасида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилган.

Шу куни «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси вакиллари ва Schlumberger (АҚШ/Франция), Exalo Drilling G-Drilling (Польша), CIUZ (Италия), Worley Parsons Uzbekistan Engineering (Буюк Британия), «Криогенмаш» (Россия) каби компаниялар раҳбарияти ўртасида B2B форматида музокаралар бўлиб ўтди. 

Унда томонлар дунё иқтисодиётининг етакчи секторида келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди. Хусусан, замонавий ускуна ва технологиялардан фойдаланган ҳолда қатор истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, нефтгаз тармоғи учун кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш соҳасида АКТ-лойиҳаларини жорий қилиш ва қатор бошқа йўналишлар бўйича келишувларга эришилди.

Музокаралар натижалари бўйича «Ўзбекнефтгаз» МХК ва SOCAR (Озарбайжон), Schlumberger (АҚШ/Франция), «Криогенмаш» (Россия) каби етакчи компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

 

Top