06:01 / 20.05.2016
5299

Тошкент ҳайвонот боғида 22 май – Халқаро биологик хилма-хиллик кунига бағишлаб “Ҳайвонот дунёсини асрайлик” деб номланган акция ўтказилди

Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташаббуси билан Тошкент ҳайвонот боғида 22 май – Халқаро биологик хилма-хиллик кунига бағишлаб “Ҳайвонот дунёсини асрайлик” деб номланган акция ўтказилди.

Унда депутатлар, Экоҳаракат фаоллари ва “Ёшлар қаноти” вакиллари, “Меdical ехргеss” нодавлат нотижорат ташкилоти, “Рrомеduz” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари иштирок этди.

Мамлакатимиз бетакрор табиати, ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси билан ажралиб туради. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги “2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарори асосида табиий ресурсларни асраб-авайлаш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

– Ўзбекистонда ўн беш мингдан зиёд ҳайвон, тўрт ярим мингдан зиёд ўсимлик тури учрайди, – дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Умида Комилова. – Уларнинг муайян қисми фақат бизнинг минтақамизда мавжуд. Ушбу ноёб турларни асраш, кўпайтириш, муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш, табиатга етказилаётган салбий таъсирларнинг олдини олиш мамлакатимиздаги иқтисодий-экологик сиёсатнинг муҳим йўналишидир.

Бугунги кунда юртимизда саккизта давлат қўриқхонаси, битта биосфера резервати, иккита табиат боғи, ўн иккита давлат буюртмахонаси, учта ноёб ҳайвон турларини кўпайтиришга ихтисослашган питомник ва бошқа муассасалар фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, Тошкент ҳайвонот боғида 360 га яқин турдаги ҳайвонлар парваришланмоқда. Ҳайвонларни муҳофаза қилиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар натижасида ноёб жониворлар турлари камайиб кетишининг олди олинмоқда.

Акция давомида мутахассислар кўргазмали равишда яқинда дунёга келган айиқ болаларини “Меdical ехргеss” нодавлат нотижорат ташкилоти ва “Рrомеduz” масъулияти чекланган жамияти тақдим этган витаминлар билан озиқлантирди. Бундай витаминлар бошқа ҳайвонларга ҳам берилади.

С.Шоева, ЎзА мухбири.

Top