10:08 / 21.05.2016
35308

Журналист нигоҳи: Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги оқ кийимли юлғичлар

Emed.uz сайтида ёритилган мақола эътиборимизни тортди ва қимматли вақтимизни сарфлаб уни ўқиб чиқдик ва... Ва қимматли вақтимизни сарфлаб ўта қимматбаҳо маълумотлар олганимизга амин бўлдик. Ушбу мақолани борча, ўзгартирмасдан эълон қилишни лозим топдик. Демак...

Бетоблик ёки бемор яқини туфайли касалхоналарга иши тушмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Шифохоналарга бош уришга мажбур бўлиб қолсак, остонадаёқ бизни ўзига хос муаммолар қаршилайди. "Ўзига хос муаммолар" деганда кўпчиликнинг хаёлига баъзи касалхоналардаги ноқулай шарт-шароитлар, айрим шифокорларнинг билимсизлиги, таъмагирлиги, айрим касалхона ходимларининг қўпол муомаласи, дори-дармонлардан ташқари ортиқча харажатлар қилишга мажбурийлик келиши аниқ. Лекин бугун гап бошқа муаммо ҳақида. 

Дўстларимиздан бирортасининг бетоб бўлиб, шифохонага ётқизилганини эшитсак, дарҳол улардан хабар олишга ошиқамиз. Касалхонага ётқизилган беморнинг оила аъзоларида, яқинларида эса ҳаловат бўлмайди. То бемор тузалиб кетмагунига қадар шифохона уларнинг ҳар кунлик борар манзили. Бошига ташвиш тушиб турган бу одамлар, минг афсуски, жуда кўплаб касалхоналар эшигида ўзига хос талончиликка дучор этилмоқдалар. 

Юртимиздаги деярли барча шифохоналарда бемор кўришга келган одамлардан касалхона биноси ичида бахила (оёқ кийим устидан кийиб олинадиган махсус целлофан халтача) кийиб олиш талаб қилинади ва касалхона санитар-гигиеник шартлари нуқтаи назаридан бу талаб мутлақо тўғридир. Лекин шифохоналарда бахила савдосининг ўзига хос бизнесга айлантириб олиниши, унинг нархи аксарият юртдошларимизда норозилик уйғотмоқда. Айни мазмундаги шикоятлар ортидан Тошкент шаҳридаги бир қанча касалхоналарда журналистик кузатув олиб бориб, шифохоналар эшигида фуқаролар яна бошқа муаммолар тўсиғига учраётганларига ҳам гувоҳ бўлдик.

"Узатмаган"лар учун тартиб-қоида
 
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидамиз. Марказ ҳовлиси-ю бўлимлар остоналари касал кўришга келган одамлар билан гавжум. Бемор яқинини кўргани келган киши сингари касалхонанинг ҳамма бўлимларидаги аҳволни бирма-бир кузатдик. Қоидага кўра, болалар ва катталарни қабул қилиш бўлимларидан ташқари бўлимларда соат кечки 17 дан 20 га қадар беморларни палатага кириб кўришга рухсат этилади. Лекин шифохонада бу қоидани четлаб ўтишнинг ҳам ўзига хос "нархи" бор экан. Бўлимлар эшиги олдида навбатчилик қилаётган ва аксарияти оддий муомала маданиятига риоя қилмайдиган, қўпол қўриқчилар билан бемор кўришга келган одамлар ўртасида "бозор" авжида, яъни қўриқчининг чўнтагига секингина уч минг сўмми, беш минг сўмми солиб қўйсангиз, эшик олдида егулик ва дори-дармонлар солинган елим халталарини кўтариб тўпланиб турган бошқа фуқароларнинг кўзини шамғалат қилиб, сизни ичкарига олишади.
 
-Аҳвол ҳар доим шунақами? – сўрайман касалхонанинг жарроҳлик бўлими остонасида тўпланиб турганлардан.
 
-Ҳар доим шу! Касални кўриб чиқиш учун ё қўриқчиларга пул беришингиз керак ёки дўхтирлардан танишингиз бўлса, чақирасиз, олиб кириб кетади, - бири-бирига гап бермай тушунтиришади тўпланганлар.
 
Чиндан ҳам, кутиб турганлардан бир аёл кимгадир қўнғироқ қилди, ичкаридан оқ халатли ходим чиқиб, уни олиб кириб кетди. Яна бири врач танишига қўнғироқ қилиб, телефонни қўриқчига тутқазган эди, икки оғиз сўзлашиб, уни ҳам ичкарига олишди.
 
- Касалхона тартиб-қоидаси ҳамма учун баробар эмасми? – сўрайман сал олдинроқ менга: «Соат кечки бешгача бемор кўргани кириш мумкин эмас!» дея эшикни тарақлатиб ёпиб олган қўриқчидан. Қўриқчи «Сенга нима!» дегандай қирғийқараш қилди-ю, эшик олдидагиларга ўшқирди:
 
- Бу ерда тўпланманглар! Соат бешдан кейин келасизлар, унгача рухсат йўқ!
 
Табиийки, ҳеч ким қайтиб кетишни ўйлагани ҳам йўқ, аксинча, қўриқчининг ойнавандли эшикдан бу тарафга ўтганини ғанимат билиб, унинг чўнтагига пул тиқиштиришлар, ялинишлар бошланди:
 
- Жон ука, узоқдан келганман, шундоқ кираману чиқаман. Қўйворақолинг...
 
- Ака, фалончи дўхтир амаким бўлади. Қўнғироқ қилиб тушолмаяпман. Кириб чиқа қолай...
 
- Ўғлим, ҳар сафар рози қиляпман-у, танимадингизми?..
 
Қўриқчининг чўнтагига пул солишни эплаб қолган «эпчил»лардан бир-иккитаси яна ҳамманинг кўз ўнгида ичкарига олинди. Эплолмаганлар ёки қўриқчига пора беришни ўзига эп билмаганларнинг бири қарғаниб, бошқаси сўкинганча қолди.  Ойнаванд эшикнинг тутқичини ичкаридан тутиб турган бошқа бир қўриқчини кўриб, эшикни тақиллатаман. Эшикни зарда билан очиб, лом-мим демай, савол назари билан тикилган қўриқчига тушунтирмоқчидай бўламан:
 
- Узоқдан келганман. Кечки бешгача кутолмайман, қайтиб кетишим керак. Лекин дўхтирлардан танишим ҳам, сизга берадиган ортиқча пулим ҳам йўқ...
 
Қўриқчи сўзимни тугатишимни ҳам кутмай, эшикни ёпиб олди. Бироз ўтиб яна ўша – бу ер учун одатий ҳолат давом этади: пул қистирган ёки дўхтирлардан таниши борлар муаммосиз ичкарига олинади, бошқаларга эса касалхона "тартиб-қоидаси" тушунтириб қўйилади...
 
- Менам Хоразмдан келганман, - дейди ёш болали жувон менинг ҳам "ичкарига киролмаганимни" кўриб, яқинлашаркан. – Укамни кўриб кетай дегандим. Қайтадиганмиз... Лекин пул берсамам киритмаяпти-да.
 
-Сиз кам беряпсиз-да, айланай, - гапга аралашди ёши каттароқ аёл. –Икки минг узатяпсиз, тўғрими? Беш минг беринг, қўйворади. Ана, келиним кириб кетди-ю шунақа қилиб...
 
Жувон кафтида сиқимлаб турган икки минг сўмни беш минг сўмга алмаштириб, умид билан қўриқчилар ичкаридан ёпиб турган ойнаванд эшикка яқинлашади. Менам деворга суяниб, сабр билан «кута бошлайман». Бироздан сўнг, чиндан ҳам беш минг сўмлик иш берди: бояги жувон «ҳеч қўймадингиз-да, кеннайи» деган сўзлар билан ичкарига олинди.
Қайтарилмайдиган "қайтим"лар
 
Жарроҳлик бўлимининг ойнаванд эшигидан ичкарини кузатаман. «Йўлини қилиб» ичкарига кириб олганлар беш юз сўмдан бахила сотиб оляптилар.
 
-Бахила қиммат эмасми? – сўрайман тўпланиб турганлардан.
 
-Эндии... бир-икки марта келсангиз қимматлик қилмасов, лекин бизга ўхшаб ҳар куни қатнайдиганларга қиммат-да, - дейди кекса бир отахон. –Неварам ётибди. Ҳар куни беш-олти киши кириб чиқамиз, «қўриқчига бер, бахилага бер» бўлиб, дори-дармондан ташқари кунига йигирма беш-ўттиз минг сўм кетяпти...
 
Одамлар ғала-ғовур қилиб муҳокама бошлайдилар. Кимдир «Ҳозир ҳамма касалхонада шу аҳвол, баъзиларида бунданам қиммат» деса, бошқаси "Аслида истаган нархида бахила сотишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳаққимизни талаб қилмаслигимизни билади булар", дейди. Кўпчиликнинг фикри эса битта: "Гапирган бефойда".
Марказ жарроҳлик бўлимининг орқа тарафидаги бахила тарқатилаётган пунктга ўтаман. Катта-катта ҳарфлар билан "Одна пара бахила 500 сум" деб ёзиб қўйилган пештахта ортида бахила сотаётган касалхона ходимаси саломимга алик олмаса-да, саволимдан ҳушёр тортади:
 
- Бахила нархининг айнан беш юз сўм қилиб белгиланганига бирор асос борми?
 
- Нега сўраяпсиз? – дейди ходима қошларини чимириб.
 
- Оддий фуқаро сифатида қизиқяпман. Бунга ҳаққим бор. Қўлингизда бирор ҳужжат бўлиши керак ҳарқалай...
 
Ходима жарроҳлик бўлими тарафидаги туйнукдан қизиқиш билан қараб турган ҳамкасбларига қараб паст овоз билан бир нималар деди-да, олдимга бир варақ қоғоз қўйди:
 
- Мана ҳужжат!
 
Бу – 2016 йилнинг 9 февралида "SHOE COVERS" МЧЖ билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ўртасида тузилган №1 қўшимча шартнома бўлиб, унда «ижарачи»нинг марказга ташриф буюрувчиларга сервис хизмат кўрсатиши, яъни бахила билан таъминлашни ўз зиммасига олиши кўрсатилган.
 
- Бунда нарх кўрсатилмаган, - дейман ходимага ҳужжатни қайтараркан.
 
- Бошлиғимиз билан гаплашинг, - деди ходима ва телефон рақамини айтди. Қўнғироқ қилганимиздан сўнг кўп ўтмай етиб келган ёшгина йигитча ўзини Тоҳиржон деб таништирди. Унда ҳам ўша савол:
 
- Нега қизиқяпсиз?
 
- Бунга ҳамма фуқаронинг ҳаққи бор, - деганимдан сўнг яна қўлимга бояги қоғозни тутқазди:
 
- Мана ҳужжат!
 
- Бахила нархи беш юз сўм қилиб белгиланган. Нимага асосланган бу нарх?
 
- Беш юз сўм қиммат эмас-ку, - гапга аралашади бояги ходима. –Ана, туғруқхоналарга бориб кўринг, уларда бахила минг сўм.
 
- Бизда арзон демоқчисиз-да.
 
Ходима индамай кўзини олиб қочади.
 
- Тўғри, арзон эмас, - дейди оддий фуқароларнинг суриштирувига ўрганмаган Тоҳиржон безовта бўлиб. Кейин овозини пасайтириб, «дарди»ни айтди:
 
- Тўғриси, бахилани аслида уч юз сўмдан сотсак ҳам ўзини оқлайди...
 
-Демак, асли уч юз сўм экан-да?
 
-Лекин сдачисига (қайтимига) қийналамиз-да, опа. Юз сўмлик, икки юз сўмлик пулларни топиш қийин...
 
Сабабни қаранг!
 
- Сиз нархни уч юз сўм деб белгиласангиз, одамлар майда пул топа олишади, сизларни қийнашмайди.
 
 Тоҳиржон жавобимдаги кесатиқни сезмаганга олади.
 
-Касалхона билан боғлиқ ишларингиз бўлса, битириб бераман опа, - дейди пилдираб. – Агар ходимлар қўпол муомала қилишган бўлса, менга айтсангиз...
 
-Йўқ-йўқ, ҳаммаси жойида, - дейман хайрлашаркан. –Ўзим қизиқдим.
 
-Сизга ўхшаган биттасиям қизиққан эди, кейин текшириш келган, - дейди ўша ерда турган касалхона ходималаридан бири.
 
Аҳвол ўзгармаганидан маълумки, текширишлар бекор кетган. Ким билсин, текширувчилар ҳам мижозларга топиб берилолмаётган майда "қайтим" пуллардан ўз «улуш»ларини олиб, тинчгина "сулҳ" тузиб кетишгандир балки. 
Марказда бир кунда қанча бахила сотилиши бизга аниқ маълум эмас, эҳтимол мингтадир, эҳтимол икки ёки уч мингтадир... Лекин ундан келадиган соф фойда анчагина салмоқли суммани ташкил қилиши аниқ. Аниқлашимизча, касалхоналар бахила билан таъминловчи тегишли фирмалардан ўн мингдан ортиқ бахила харид қиладиган бўлса, бир жуфт бахиланинг нархи 150-170 сўмни ташкил қилади. Демак, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида сотилаётган ҳар жуфт бахиладан 330-350 сўмдан соф фойда қолади. Хўш, бу пуллар қаерга кетяпти? Касалхона раҳбариятининг чўнтагигами? Марказ бўлимларидаги бахила сотиш пунктларида касса аппаратларининг йўқлиги ва нақд пулларнинг ҳеч бир ҳужжатда қайд этилмаётгани уларнинг касалхона ғазнасига эмас, айнан бу ишлардан манфаатдор шахсларнинг чўнтагига бориб тушаётганини тасдиқлайди. 

Агар мақсад соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотларни амалга ошириш, юртимизда замонавий тиббиётни ривожлантириш, тиббий хизматни жаҳон андозаларига тенглаштириш бўлса, касалхоналарда оддийгина бахила мижозларга аслида текинга тарқатилиши керак эмасми? Бунинг устига, бахила кийиш кўп одамлар учун қийинчилик туғдиради. Мижозларга бахила кийиш жорий қилинган муассасаларда уни кийдириб қўядиган махсус мослама ҳам албатта бўлиши шарт, аммо бундай қулайликни ҳеч қайси муассасада учратмайсиз.
 
Кимни кимдан қўриқлайдилар?
 
Яхши эслайман, шифохоналарда бахила кийиш, қўриқчилик хизматлари жорий этилмаган вақтларда аҳвол ҳозиргига қараганда анча яхши эди. Тозаланмаган оёқ кийим билан эски шолчани ҳам босмайдиган одамларимиз (оёғига целлофан халта кийишга мажбур қилинмаса ҳам) шифохона тозалигига путур етказмас эдилар. Эшик олдида ҳамиша ҳозир турадиган санитарка аёллар мижозларга ҳозирги қўриқчи-эшикоғалардан кўра анча яхши, кўнгилдагидек хизмат кўрсатар, беморни кириб кўриш сингари оддий ҳолатлардан бугунги кунимиздаги каби катта муаммолар, машмашалар келиб чиқмас эди. 

Маълум бўлишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг ўзида бир йил давомида қўриқчилар ва мижозлар ўртасида ўндан ортиқ ҳолатларда жанжал-тўполонлар бўлгани кузатилган. Буларнинг ҳаммасига қўриқчиларнинг мижозларга нисбатан ўта қўпол муомаласи, таъмагирлиги сабабдир. 

Хўш, шифохоналарга қўриқловчилар нимага керак? Улар кимни кимдан ва ёки нимадан қўриқлайдилар? Қайси шифохонага борманг, бу ҳақли саволга барибир жавоб тополмайсиз. Зинҳор улар беморларни ва уларнинг шифохонага келган яқинларини бутун дунёни хавотирга солаётган террор хавфидан ҳимоя қилиш учун қўйилган дея кўрманг. Чунки шифохоналардаги қўриқчиларнинг ҳеч бирида металлни ёки шубҳали унсурларни аниқловчи мосламалар йўқ, жумладан, ўзим кун давомида кузатган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлимларидаги қўриқчиларда ҳам. Мосламани қўйинг, уларнинг ҳеч қайсиси ўзи ичкарига киритиб юбораётган мижозларнинг каттакон сумкаларини шунчаки текшириб ҳам қўймадилар. 

Марказнинг жарроҳлик бўлими остонасида лоқайдликнинг хунук кўринишларидан бирига ҳам гувоҳ бўлдим. Эгнига оқ халат кийган ёшгина бир аёл каттакон сумкасини қўлтиқлаганича ичкарига кирмоқчи бўлди.
 
- Сиз шу ерда ишлайсизми? – сўради қўриқчи.
 
- Ҳа, - дея қисқагина жавоб қилди аёл. Қўриқчи:
 
- Олдин сизни ҳеч кўрмаган эканман, - деди йўл бераётиб. –Сизни танимас эканман.
 
- Танимайсиз-да... – аёлнинг шўхгина кулишига иршайиб таслим бўлган қўриқчи унинг ортидан индамай қараб қолди.
 
- Бу аёлни нега ичкарига киритдингиз? – сўрайман қўриқчидан.
 
- Нега киритмаслигим керак? Шу ерда ишлайди...
 
- Аммо унинг халатидан бошқа дўхтирлик белгиси йўқ, ҳатто биркасиям. Унинг кимлигини қаёқдан биласиз? Оқ халат кийиб келган ҳар кимни дўхтир деб ичкарига киритаверар экансиз-да?..
 
Табиийки, бу саволларим ҳам жавобсиз қолди. Яна такрор савол туғилади: шифохоналарга бу қадар лоқайд, таъмагир, мижозларга беписанд муомалада бўладиган қўриқчилар нима учун керак? Модомики, улардан на беморлар ва на уларнинг яқинларига фойда йўқ экан, демак, уларнинг вазифаси бошқа. Улар остонага нима учун қўйилган: ичкаридаги порахўрликларни, қонундан ташқари ишларни бегона кўзлардан «қўриқлаш» учунми? "Ичкари"дагиларни "ташқари"дан бехос келиб қоладиган текширувчилардан ўз вақтида огоҳлантириб туриш учунми? 

Энг ёмони, оқлаб бўлмайдиган хатти-ҳаракатлари билан улар жамиятнинг радикаллашишига сабаб бўляптилар, одамларда норозилик кайфиятини уйғотяптилар. Шифохонада яқинининг касалидан ташвишда экани етмагандек, баъзи шифокорларнинг порахўрлиги, баъзиларининг билимсизлиги туфайли куйиб тургани камдек, қўриқчилар машмашаларидан тоқати тоқ бўлган одамларни кўрдим. Порох тўлдирилган бочкага ўхшайди улар, битта учқун бўлса, тамом, "портлайди"! 

Энг ёмони – марказ мутасаддиларининг ўз мансабларини суиистеъмол қилишлари туфайли фуқароларда мамлакатимиздаги соғлиқни сақлаш тизими бўйича изчил ислоҳотларга нисбатан ишончсизлик; «келишувчан» текширувчилар туфайли эса ҳақиқатнинг қарор топишига бўлган умидсизлик шаклланиб қолган. Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, ҳукумат имиджини бузяпти улар! Улар ҳукуматни халқнинг кўзига хунук кўрсатяпти! Аксарият шифохоналар миллатга ҳукуматга нисбатан ишончсизлик касаллигини юқтиряпти. 

Ўз манфаатларини Ватан обрўсидан устун қўядиган, ўз нафсининг қутқулари туфайли халқ олдида, миллат олдида ҳукумат ва қонунлар обрўсини тўкаётган кимсаларни давлат хоини сифатида жавобгарликка тортиш вақти келмадими бугун? Камчиликларни кўрсатиб бераётганларни эмас, камчиликларнинг ўзини ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш вақти келмадими? 

Юртбошимиз таъкидлаганларидек: "Оммавий ахборот воситалари мансабдорларнинг тўрачилиги, коррупция, мустабидлик ва боқимандалик психологияси йўлида мустаҳкам ғов бўлиб, қонунчилик меъёрларини рўёбга чиқариш, ислоҳотларнинг бориши ва ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назорат қилишнинг таъсирчан воситаси бўлиб қолиши зарур..." ва бунинг вақти аллақачон етган.
 
журналист  Саодат ПЎЛАТОВА.

Top