12:16 / 24.05.2016
9279

ШҲТ ТИВ раҳбарлари ўртасида йиғилиш бўлиб ўтмоқда

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари Тошкент шаҳрида 24 май куни бўлиб ўтиши белгиланган мажлисни бошлади.

Ишчи йиғилишда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов, Қозоғистон ТИВ раҳбари Ерлан Идрисов, Хитой ТИВ раҳбари Ван И, Қирғизистон ТИВ раҳбари Эрлан Абдиллаев, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров, Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Аслов, ШҲТ бош котиби Рашид Алимов ҳамда ШҲТнинг Ҳудудий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев иштирок этмоқда.

Йиғилишда вазирлар томонидан 23-24 июнь кунлари Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишининг кун тартиби лойиҳаси, саммитда имзоланиши режалаштирилаётган ҳужжатлар кўриб чиқилади.

Ташкилот доирасини кенгайтиришда ШҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мўлжалланмоқда. Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТга аъзоликка қабул қилиш бўйича ушбу давлатларнинг ваколатли вакиллари билан олиб борилаётган музокара жараёни кўриб чиқилади.

Мажлисда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ШҲТнинг бошқа халқаро тузилмалар билан алоқаларини кенгайтириш, ШҲТнинг кузатувчи давлатлари ва мулоқот бўйича шерикларини ташкилот доирасида амалий ҳамкорликка кенг жалб этиш масалалари муҳокама қилинади.

Вазирлар ШҲТнинг 15 йиллиги муносабати билан расмий Тошкент тайёрлаган декларация лойиҳаси, ШҲТни 2025 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқишади.

Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти олдида турган вазифалар, ШҲТга аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, маданий ва иқтисодий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Top