11:40 / 26.05.2016
7340

Фарзандидан воз кечган америкалик аёл 80 йил ўтиб қизи билан учрашди

АҚШда 1933 йилда фарзандидан воз кечган аёл 80 йил ўтиб қизи билан мулоқотга киришди, деб ёзади The Daily Mail.

83 ёшли Дориенн Ҳамманн 99 ёшли Эйлин Вагнерга қўнғироқ қилиб, "Салом, ойи" деган. 

Манбанинг маълум қилишича, Висконсин штатида яшовчи аёл унга нисбатан ишлатилган зўравонлик натижасида 16 ёшида ҳомиладор бўлиб қолади. Вагнер қиз фарзандни дунёга келтириб, уни бошқа оилага фарзандликка топширган. Бу икки аёлнинг учрашишига Ҳамманнинг келини ёрдам берди. У фарзандликка қабул қилишга оид ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, интернетдан Вагнернинг рақамини олишга муваффақ бўлди. 

Вагнер ва Ҳамманн бир неча маротаба телефонда суҳбатлашишди, сўнгра 2016 йилнинг апрелида учрашишди. Дунёга келтирган онаси қизига унинг туғилиши тафсилотларини сўзлаб берди: "Ўша пайтлар бу ўта шармандалик ҳисобланарди", - дейди она. 

"Менинг ҳозирги ёшимда онамнинг тириклигига ҳали-ҳануз ишонолмайман. Ҳар сафар шу ҳақида ўйлаганимда этим жимирлаб кетади", - тан олади Ҳамманн хоним. 

Вагнер эри ва ўғилларига зўравонлик ҳамда биринчи фарзанди тўғрисида ҳеч қачон гапирмаган. Унинг турмуш ўртоғи 2006 йилда вафот этган. Бироқ Дориеннинг қўнғироғидан кейин у ўғилларига ўз ўтмиши ҳақида сўзлаб берди.

"Мен бу кунни кўришимга ишонмагандим", - дея ўз ҳиссиётлари билан бўлишди Вагнер.

Май ойида нишонланадиган Оналар кунини бу икки аёл бирга ўтказишди. Шунингдек Эйлин Дориенни 30 майда бўлиб ўтадиган 100 йиллик юбилейига таклиф қилди. Ҳамманн туғилган кун муносабати билан уюштириладиган зиёфатга эри, ўғли, келини ва неваралари билан ташриф буюради.

Куннинг энг асосий ва қизиқ хабарларидан тезкор равишда хабардор бўлиш учун «Kun.uz»нинг Telegram’даги каналига аъзо бўлинг.

Top