15:49 / 26.05.2016
3528

Меҳнат вазирлигида JDS координацион лойиҳаси раҳбари Хашимото Вакако хоним билан учрашув бўлиб ўтди

2016 йил 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири А.Абдуҳакимов JICE Бош идорасининг Марказий Осиё минтақалари бўйича JDS координацион лойиҳаси раҳбари Хашимото Вакако хоним ҳамда JICEнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Эйжи Асами билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Япониялик меҳмон ташрифининг мақсади хусусида тўхталар экан, JDS ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан давлат ташкилотлари учун юқори тажрибали ходим тайёрланиши борасида ҳамкорлик ўрнатишга тайёр эканлигини маълум қилди. Қайд этилганидек, лойиҳа доирасида ҳар йили турли вазирлик ва идораларда фаолият юритаётган ходимлар орасида танлов ўтказилиб, уларнинг 15 нафари Япониянинг етакчи олий таълим муассасаларида менежмент ва бошқарув, молия, ҳуқуқ ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича магистратура босқичида таҳсил олишига имконият яратилади. Хашимото хоним ўз нутқида жорий йилда Меҳнат вазирлиги янгидан бошланувчи лойиҳани мақсадли ташкиллаштиришда фаол иштирок этиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Учрашув доирасида томонлар вазирликнинг кадрлар малакасини оширишга бўлган эҳтиёжи ҳамда вазирлик ходимларининг Япониядаги олий таълим муассасаларида грант асосида таҳсил олишига оид имконияти муҳокама этилди. Қизғин муҳокамадан сўнг томонлар 2016 йил сентябридан бошлаб лойиҳани тўла амалга оширишга келишиб олишди.

Top