01:00 / 26.05.2016
5325

Туркиянинг янги бош вазир ўринбосарлари нима иш қилишлари тақсимлаб олинди

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигида 25 майда ўтган, Туркиянинг янги вазирлар маҳкамасининг биринчи йиғилишида бош вазир ўринбосарлари жавобгарлик соҳалари белгилаб олинди. Уларни бош вазир ўринбосари Нўъмон Куртулмуш Анқарада журналистларга эшиттирди.

Мажбуриятларнинг тақсимланишига кўра, Туркиянинг янги бош вазири Биноли Йилдирим хавфсизлик масалаларини бошқаради, бевосита унга Туркия ички ишлар вазирлиги ва Миллий разведка ташкилоти бўйсунади. Шунингдек, унинг қўл остида бош вазир маъмуриятидаги ахборот ва матбуот департаменти бўлади. 

Бош вазир ўринбосари Нуриддин Жониқли парламент билан алоқага жавоб беради ва инвестициялаш ва суғурталаш ишларини олиб боради.

Бош вазир ўринбосари Мехмет Шимшекнинг зиммасига ғазна ва банк соҳаси, жумладан Марказий банк топширилади. 

Бош вазир ўринбосари Туғрул Тюркеш Кипр ихтилофини тартибга солиш, хорижий турк жамоалари ва диспораларини бошқаради. 

Бош вазир ўринбосари Вейси Қайнақ инсон ҳуқуқлари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланади, Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар бўйича департаментни назорат қилади.

Бош вазир ўринбосари Нўъмон Куртулмуш давлат кенгаши, жамоатчилик ташкилотлари, давлат телевидениеси ва радиони назорат қилади, унинг зиммасида Anadolu ахборот агентлиги бўлади.

Аввалроқ Эрдўған Туркиянинг янги вазирлар маҳкамаси таркибини тасдиқлаганди. Бош вазир Йилдирим ҳукумат дастурини парламент йиғилишида тақдим қилди. Парламент келаётган якшанба куни вазирлар маҳкамасига ишонч билдириш бўйича вотум чиқариши керак.

Top