17:12 / 28.05.2016
9681

Андижонда “Соғлом келажак учун” хайрия акцияси ўтказилди

Меҳр- муруватга муҳтож кишилар, беморлар ҳолидан хабар олиш, саховатпешалик каби фазилатлар халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади.

Бугун Андижон шаҳрида "Волонтерское движение Андижана" гуруҳи фаоллари вилоят қон қуйиш Маркази билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг бемор болалари учун 1 - июнь "Халкаро болаларни ҳимоя қилиш куни"га бағишланган “Соғлом келажак учун” хайрия акциясини ўтказди.

Марказ биноси ўзгалар ташвишига бефарқ бўлмаган саховатпеша инсонлар билан гавжум бўлгани ҳам эътиборга молик. Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши вакиллари, “Rash- Milk” савдо белгиси, “AndTwiplle” аъзолари ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари ушбу тадбирга беғараз ҳиссаларини қўшдилар.

Нодирбек Тўйчиев бошчилигидаги “Андижон” футбол жамоаси мухлислар клуби, Андижон бодибилдинг ва самбо федерациялари, “Андижон ПФК” жамоаси вакиллари, “Зарбулоқ” гуруҳи санъаткорлари ҳам савобли ишдан четда қолмадилар.

Акция давомида қон топшириб, донор деган шарафли номга эга бўлган ва моддий хайрия қилган инсонларга "Волонтерское движение Андижана" гуруҳининг футболка ва браслетлари топширилди.

Тадбир иштирокчилари фикрлари билан танишинг:

Бегали Азимов, халқ депутатлари Олтинкўл туман Кенгаши депутати:

- Бугунги ўтказилган хайрия тадбири менда катта таассурот қолдирди. Ўйлайманки, тадбир ташкилотчилари ўз олдиларига қўйган мақсадга эриша олдилар. Чунки, бугун қон бериб донорлик қилган ёки маблағ билан хайрия қилган ҳар бир фуқароларимизнинг ҳиммати шифохоналарда ётган ёки соғлом қонга муҳтож бўлган норасида ёшлар учун кўмак бўлиши шубҳасиздир.

Бобуржон Икромов, Хурсандбек Саидакабаров хайрия тадбири ташкилотчилари:

- Андижонлик жуда кўп кўнгиллиларни ушбу акциядаги чин юракдан, фаол иштирок этганлиги барчани хурсанд қилди. Тадбирни ташкил этишда ёрдам берган вилоят қон қуйиш Маркази раҳбари Дилфузахон опа Дўстматовага алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Умид қиламазки, бу лойиҳа бир кунлик акция сифатида қолиб кетмайди. Бундан кейин ҳам долзарб бўлган хайрия тадбирларини ташкил этишни режалаштиряпмиз.

 

Элмурод Эрматов, Андижон

Top