16:05 / 29.05.2016
7029

КХДРда ҳукуматни қўллаб-қувватлаш кампанияси бошланди

Шимолий Кореяда «содиқлик кампанияси» номи остидаги мамлакат раҳбариятини қўллаб-қувватлаш тадбирлари бошланди. Бу ҳақда «ТАСС» агентлиги «Нодон синмун» газетасига таяниб хабар берган.

Кампанияни ўтказишдан мақсад навбатдаги 5 йиллик иқтисодий режани бажаришга чақириш ҳисобланади.

Бу капмпания ўтказилиши бўйича тегишли қарор Пхеньянда 26—28 май кунлари бўлиб ўтган вазирлар, турли партия, давлат, иқтисодий ва ҳарбий муассасалар, шунингдек, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари иштирокидаги конференцияда қабул қилинган.

Конференцияда бош вазир Пак Бон Дю сўзга чиқиб, «КХДР иқтисодий тараққиётининг беш йиллик стратегиясини  амалга ошириш учун мамлакатда 200 кунлик содиқлик кампаниясини ўтказиш» қарори ҳақида эълон қилган.

КНДР фуқаролари айнан қай йўсинда ҳукуматга содиқлигини кўрсатиши кераклигига аниқлик киритилмаган.

Шунга ўхшаш акция май ойи бошида якунланганди.

Бундай тадбирлар расмий Пхеньяннинг қўшни давлатлар билан муносабатлари ёмонлашуви фонида ўтказилмоқда.

Жорий йил бошида Шимолий Корея водород бомбаси синови ва космосга сунъий йўлдош учирилиши муваффақиятли кечгани ҳақида эълон қилди.

Бунга жавобан БМТ Хавфсизлик кенгаши шимоллик корейсларга қарши санкцияларни қатъийлаштиришга қарор қилди.

Top