11:49 / 30.05.2016
9711

АҚШ президентлиги учун илк расмий номзод номи маълум бўлди

АҚШ либертариан партияси, мамлакатдаги сиёсий кучлардан биринчи бўлиб, ноябрь ойида бўлажак президентлик сайлови учун ўз номзодини аниқлаб олди.  Нью-Мексика штати собиқ губернатори Гэри Жонсон ушбу партиянинг номзоди сифатида илгари сурилди. У 4 йил аввал ҳам президентлик сайловида қатнашган эди. 

Партия съездида Жонсонга сафдошларининг 55,8 фоизи ишонч билдирган. Унинг беш рақибини эса, умумий ҳисобда камчилик қўллаб-қувватлаган, деб хабар қилмоқда Fox News телеканали.

Одатда либертарианлар сайловларда ғалаба қозониш учун ҳеч қандай имкониятга эга эмас. Бироқ бу сафар ҳолат умуман бошқача. Телеканалнинг таъкидлашича, Жонсон ижтимоий сўровларда 10 фоиздан кам олаётгани йўқ. 

Сайловолди курашининг асосий намоёндалари республикачи Дональд Трамп ва демократ Ҳиллари Клинтон хонимнинг унчалик ҳам ишончга сазовор бўлмаётгани ҳисобга олинса, Жонсон истиқболи анча яхши кўринади.

Top