10:50 / 31.05.2016
6090

Польша Россия газидан воз кечмоқчи

Польша ҳукумати Россиянинг «Газпром» компанияси билан табиий газ етказиб бериш бўйича узоқ муддатли янги шартнома имзоламоқчи эмас. 1996 йилда имзоланган битим  2022 йилда поёнига етади. Reuters агентлиги томонидан ташкил этилган Шарқий Европада инвестициялар саммити чоғида, Польша ҳукуматининг газ ва энергетика инфратузилмалари бўйича вакили Петр Наимский шундай баёнот берган.

Польшанинг PGNiG давлат компанияси ҳар йили «Газпром»дан 10,2 млрд кубометр газ харид қилади. Польшанинг табиий газга бўлган йиллик эҳтиёжи эса, 15 млрд кубометрни ташкил этади. 

«Биз узоқ муддатли шартномадан воз кечишга ҳаракат қиламиз. Албатта, Россия газининг нархи бизни қониқтирса харид қилишимиз мумкин, аммо бу ҳам узоқ муддатли шартнома асосида амалга оширилмайди», — деб қайд этган Наимский.

Унинг қўшимча қилишича, PGNiG компанияси табиий газ борасида Россияга боғлиқликни камайтириш мақсадида, Норвегиядан Польшага газ қувури ўтказмоқда.

Top