21:13 / 31.05.2016
10430

Собиқ "Мисс Туркия" Эрдўғанни ҳақоратлагани учун шартли равишда озодликдан маҳрум этилди

2006 йилги "Мисс Туркия" танлови ғолиби Мерве Буюксарач Истанбул суди томонидан 14 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳақорат қилишда айбланган.

Associated Press хабарида айтилишича, йил бошида у инстаграмдаги пости учун судга чақирилганди. У ўз постида Туркия мадҳиясига пародия қилиб ёзилган сатирик шеърни жойлаштирганди. Шеърда давлат раҳбарини ҳақоратловчи сўзлар бўлган.

Айбланувчи бундай ниятда бўлмаганини қайта-қайта таъкидлаган.

Буюксарачнинг адвокати сул қарори устида апелляция ёзиши, Страсбургдаги Европа судига адолат сўраб мурожаат қилишини билдирган.

Бундан олдинроқ, Буюксарачга Эрдўғанни ҳақорат қилганлик учун 2 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солаётгани ҳақида хабар берилганди.

Туркия қонунларига кўра, мамлакат президентини ҳақорат қилганлик учун 4 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

2014 йилдан буён, яъни Эрдўған президент бўлганидан бери у ўз обрўсини сақлаш мақсадида 2 мингдан ортиқ даъво қилган.

Кузатувчиларнинг фикрича, у шу орқали мамлакатда сўз эркинлигини чеклашга ҳаракат қилиб келмоқда ва мухолифларининг "унини ўчирмоқда".

Top