14:07 / 03.06.2016
3134

Ҳиндистон шимолида юз берган тартибсизликлар натижасида 20дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Ҳиндистон пойтахтидан 150 км узоқда жойлашган Матхура шаҳрида сектантлар томонидан амалга оширилган оммавий тартибсизликлар натижасида камида 21 киши қурбон бўлган, 100дан ортиқ инсон турли даражада тан жароҳати олган, деб хабар қилмоқда Уттар-Прадеш штати полиция маҳкамаси. 

Ҳуқуқ посбонлари маълумотларига кўра, полициячилар "Жай Гурудев" сектасининг 3000 нафар агрессив кайфиятдаги аъзолари билан 2 июнь кечқурун шаҳарнинг Жаваҳар Боғида тўқнаш келган. 

Сектантлар 3 йил муқаддам паркнинг 100 гектардан ортиқ ерини ноқонуний эгаллаб олишган эди. Улар ўтган муддат мобайнида президент ва бош вазир истеъфосидан тортиб, бензин ва ёқилғи нархини арзонлаштириш каби турли хил талаблар билан ҳудуд назоратини сақлаб туришган эди. 

Тартибни сақлаш ходимлари ҳудудни зудлик билан бўшатиш тўғрисидаги суд қарори ижросини таъминлаш учун келишганида тўқнашувлар юз берган. 

Полициячилар таёқлар, тош ва ҳатто ўқотар қуроллар билан қуролланган оломонга дуч келган. 

Штат полицияси раҳбари Жавод Аҳмаднинг сўзларига кўра, дастлаб унинг ходимлари сектантлар босимини электршокер ва ёш оқизувчи газ ёрдамида қайтариб туришган. 

"Аммо, ходимлардан бири бошидан отиб ўлдирилгач, яна бири тошбўрон қилингач, полицияга ҳам ўқ узишга рухсат берилган. Оқибатда 19 нафар диндор фаол ўлдирилди", - деб баёнот берган Аҳмад. 

Унинг айтишича, 100дан ортиқ жабрланганлардан камида 20 нафари полициячилардир.

Top