21:02 / 05.06.2016
24593

Қуролли тўданинг Ақтўбедаги ҳарбий қисмга ҳужум бошлаши тасвирланган видео пайдо бўлди

YouTube порталида Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида қуролли гуруҳ томонидан ҳарбий қисмга ҳужум қилинишидан олдин қисм яқинидаги кўчада қуролланган кишиларнинг тўпланаётгани тасвирланган видео пайдо бўлди. Бу видео кўча камерасига ёзиб қолинган.

Бундан олдинроқ, интернетда ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари ва жиноятчилар ўртасидаги отишмалар видеотасвирлари пайдо бўлганди. Унда полициячилар автомобиллари ортида жойлашган ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари йўлни тўсиб олган ҳолда аксилтеррор амалиёт ўтказаётганини кўриш мумкин.

5 июнь кунининг иккинчи ярмида номаълум шахслар Ақтўбедаги қуроллар сотилувчи 2та дўконга бостириб киришди ва сотувчилардан бирини ўлдириб, яна бирини яралашди. Қуролларга эга бўлган гуруҳ ҳарбий қисмга ҳужум қилган ва бу ерда 2 ҳарбий хизматчини ўлдириб, 9 кишини яралашган. Шунингдек, ҳужум қилувчилардан 3 нафари йўқ қилинган ва бири қўлга олинган.

Ҳужум қилганлар радикал оқим аъзолари экани айтилган.

Айни вақтда Ақтўбеда фавқулодда жорий этилган, савдо марказлари ва йирик дўконлар ёпилган, барча кўнгилочар тадбирлар ман қилинган, жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган.

"Бир нечта жиноятчиларни қўлга олиш учун ҳаракатлар давом эттирилмоқда, баъзи жиноятчилар яширинишга улгурган", дея маълумот берган Қозоғистон ИИВ матбуот хизмати вакили Алмас Садубаев.

Полиция одамлардан кўчага чиқмасликни сўрамоқда. Хабар қилинишича, шаҳарда интернетга чекловлар киритилган.

Top