22:12 / 05.06.2016
9743

Париж: Сув тошқини барқарорлашди, Сена дарёсидаги сув даражаси камайди

Парижнинг Сена дарёсидаги сув даражаси аста-секин камайиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, якшанба куни дарё сувининг сатҳи одатдагига нисбатан 6 метр баландликка кўтарилди ва сўнгги 34 йил ичида рекорд даражасига етди. 

Сув тошқини хавфи туфайли Париж метроси қисман беркитилди, сайёҳлик масканлари, жумладан, Лувр ва Орсе музейи, шунингдек, кўплаб боғлар ва қабристонлар қисман ёпиб қўйилди.

Синоптиклар Сенадаги сув даражаси 6,5 метрга ортишини башорат қилишган эди. Бироқ якшанба куни вазият барқарорлашди.

Франциянинг атроф-муҳит вазирлиги хабар беришича, сув сатҳи рекорд даражасида кўтарилиб, яна пасая бошлаган.  

Мамлакат бош вазири Мануэль Вальснинг хабар қилишича, сув тошқини оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган ва 42 киши жароҳат олган.
Париждаги 17 мингга яқин турар-жойлар электр токисиз қолган.

AFA суғурта ассоциациясининг маълумотларига кўра, сув тошқинидан етказилган зарарни қоплаш суғурта компаниялари учун 600 млн евродан ортиқ маблағни ташкил этади.

Елисей майдонидаги Катта саройининг кўргазма маркази (Гран-Пале), шунингдек, Миллий кутубхонадаги иккита кўргазмалар зали ҳам ёпиб қўйилган. 
Лувр ва Орсе музейи сешанбагача ёпиқ бўлади.   

Парижликлар сув даражасини Альма кўприги тагида қад ростлаган жангчи ("Зуав" деб танилган) ҳайкали орқали текшириб боришмоқда. Айни дамда сув сатҳи ҳайкал белидан пасайиб бормоқда.

Top