11:46 / 06.06.2016
8019

ОАВ: Ақтўбеда навбатдаги отишма рўй бериб, туманлардан бири ўраб олинди

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳридаги туманлардан бири "Нур Сити"да отишма рўй берган ва ҳудуд махсус хизматлар кучлари томонидан ўраб олинган. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар тарқатди.

"Маҳаллий аҳоли берган маълумотларга кўра, маҳаллий вақт билан соат 06:00да туманда отишма овозлари эшитилган. Айни вақтда ҳудудда вертолёт орқали кузатув ишлари йўлга қўйилган. Шаҳардаги йўлларда барча автомобиллар текширувдан ўтказилмоқда. Жиноий гуруҳ вакиллари яширингани гумон қилинган туманнинг қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудуди ўраб олинган", дейилган хабарда.

Манба маълумотига кўра, "Нур Сити" тумани давлат дастури асосида янги қурилган туман ҳисобланади ва бу ерда асосан давлат хизматчилари ва ўқитувчилар истиқомат қилишади.

Ақтўбе шаҳри ҳукумати террорчилик хавфининг «қизил» даражасини (энг юқори даража - таҳр.) эълон қилган.

5 июнь куни Ақтўбе шаҳрининг учта туманида отишма юз берди: номаълум шахслар «Паллада» ва "Пантера" номли иккита қурол дўкони ҳамда ҳарбий қисмга ҳужум қилди. Махсус операциялар чоғида 4 жиноятчи йўқ қилинди.

Шаҳарда аксилтеррор амалиёт тартиби жорий этилган. Амалиёт давомида гуруҳнинг қўлга олинган вакиллари сони 7 нафарни ташкил қилмоқда. Қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Top