16:53 / 07.06.2016
7071

Франциялик ҳаваскор астроном Меркурий ва ХКСни Қуёш фонида суратга олди

Таниқли француз ҳаваскор астрономи Тьерри Лего, ажойиб суратларни олишнинг уддасидан чиқди. Унда, Меркурий ва Халқаро фазо станцияси бир вақтнинг ўзида Қуёш айланаси фонида жойлашган. Шу йилнинг 9 май куни, Лего Меркурийнинг ҳаракатини суратларга муҳрлаш учун минглаб километрларни ортда қолдиришга мажбур бўлди. Бу жараённинг ноёблиги шундаки, ушбу сайёра 2019 йилдагина худди шундай ҳолатда Қуёшни "кесиб" ўтади. 

Бироқ, сураткаш яна бир ноёб ҳодисани ҳам қайд қилишга интизор бўлиб турганди. Шу боис, у ХКС ва Меркурийни Қуёш фонида суратга олишга муваффақ бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, ўша куни Ер сайёрасининг учта нуқтасида айни ҳолатни кузатиш мумкин бўлган. 

Булар Канаданинг Квебек провинцияси, АҚШдаги Буюк кўллар ҳамда Филадельфия шаҳри. Ҳаваскор астроном айни шу шаҳарга йўл олган. Суратга олиш жараёнининг мураккаблиги шундан иборат эдики, ХКСи Қуёш айланасидан бир сониядан камроқ лаҳзада ўтиб кетар эди. Қуёшни кичиккина булут тўсиши ҳам унинг орзусини 2019 йилгача ортга сурарди.

«Ахир мен, космик станциядан яна бир марта шу жойдан ўтишни илтимос қила олмасдим», — деб ҳикоя қилган Лего. Аммо, сураткашнинг омади чопди, у суратга олиш ишларини якунлагач, 10 дақиқадан сўнг ҳавода булут пайдо бўлган, деб ёзади Space.com.

Top